Ёшлар - жамиятнинг ўзаги ва безаги
Давлатнинг истиқболи, халқнинг иқболи ўсиб келаётган ёш авлоднинг онг-у тафаккури, шижоати, интеллектуал ва жисмоний салоҳияти билан боғлиқ. Шундай экан, ёшларнинг муаммолари, дунёқараши, талаб-истаклари, қизиқишлари билан қизиқиш ва имкониятлар яратиш, имтиёзлар бериш мамлакатнинг келажагини ўйлаш демакдир.
Мамлакатимизда илк бор Тошкент шаҳридаги “Humo arena” саройида Ўзбекистон ёшлари форумининг ўтказилиши ва унда Президентимизнинг иштирок этиб нутқ сўзлаши худди шу маънода катта аҳамият касб этгани аниқ. Инсон умрининг ҳар бир фасли ўзига хос, лекин ёшлик куч-қудрат ва ғайрат-шижоат палласи. Уларга эътибор давлат сиёсати даражасига айлангани бежиз эмас. Бугунги ёшлар кечаги ёшлар эмас, интеллекти юқори, давр янгиликлари ва замонавий технологиялар билан ошна авлод. Улар табиатида янгиликка ўчлик, инновацион ихтироларга мойиллик кучли. Халқ денгиз бўлса, ёшлар унинг тўлқини экан, демак, тўлқин авжли ва мавжкор бўлиши табиий. Уларнинг кучи, жўшқинлиги, билими ва истеъдоди ўз ватани ва халқи манфаатларига бўйсундирилса, Учинчи ренессанснинг чинакам пойдевори мустаҳкам бўлиши аниқ.
Президент ёшларга кучли мотивация бераркан, улардаги ғайрат-шижоатдан куч-қувват олишини, кўнгли тоғдай кўтарилишини таъкидлаб, уларни Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги, бебаҳо хазинаси сифатида юксак қадрлашини эътироф этди. Ҳар қандай ислоҳотлар ёшларга бўлган ишонч билан қабул қилинаётгани ҳам рост. Учинчи Ренессанс пойдеворининг яратилиши ҳам ёшлар билан, ақлан, руҳан, жисмонан соғлом авлод билан экани ҳақ. Оила, мактабгача таълим, мактаб ва олий таълимни ҳамда илмий-маданий даргоҳларни бўлғуси Ренессанснинг энг муҳим бўғинлари деб ҳисобланиши қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари 20 ноябрь куни Чилонзор туманига ташрифи пайтидаёқ Ёшлар форумини ўтказиш зарурлигини айтган эдилар. Ундан сўнг республикамизнинг турли вилоятларида бу ташаббус қўллаб-қувватланди ва шу йўсинда қатор тадбирлар ўтказилди. Яқинда ёшлар билан ишлаш бўйича Тошкент шаҳри намунаси яратилди. Ушбу тажриба доирасида пойтахтимизда ўтказилган “Ёшлар ойлиги”да ўғил-қизларимизнинг муаммолари, таклиф ва истаклари “маҳаллабай” ўрганилди. Уларнинг ечимлари бўйича манзилли дастурлар ишлаб чиқилди. Бу эзгу ташаббус мамлакатимиз бўйлаб кенг қанот ёйди.
Шунингдек, барча шаҳар ва туманларда Ёшлар фестиваллари бўлиб ўтди. Ушбу тадбирлар доирасида қатор вазирлар, ҳокимлар, банкирлар ва бошқа мутасаддилар билан очиқ мулоқот қилингани эътиборга молик бўлди.
Ёшлар форумида Президент бундан буён вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, вазирлар ва бошқа масъул раҳбарлар жойларда ёшлар билан учрашувларни доимий равишда ташкил этиб боришлари борасидаги фикри айни муддао бўлгани рост. Ёшлар ўз дард-у ташвишларини, режаларини эндиликда бемалол айтиши мумкин бўлади. Чунки, уларни эшитиш истиқболга ишонч, улар қалбида ислоҳотлар сари дадил одимлаш руҳини уйғотади. Умидсизлик ва ишончсизлик эса улуғвор мақсадларни амалга оширишга ғовдир.
Шунингдек, форумда фарзандларнинг ҳунар ўрганишга иштиёқини кучайтириш, “устоз-шогирд”лик анъанасини қайта ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди. Чунки, устоз - шогирдлик анъанаси – тараққиёт тантанаси эканини асло, унутмаслик керак.
Бу борада Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ёшлар ишлари агентлиги билан бирга, ёшлар, айниқса, уларнинг уюшмаган қатлами билан масъуллар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатишга хизмат қилувчи “Ёшлар мурожаати” электрон платформасини яратилиши борасидаги таклиф жуда кўплаб муаммоларнинг ечилишига замин ҳозирлаши, шубҳасиз.
Форумда таъкидланган жуда кўп масалаларнинг очқичи бўладиган, муаммоларнинг ечимига бевосита таъсир кўрсатадиган бир масала хусусида мулоҳазаларни билдиришни муҳим деб ўйлаймиз.
Эътибор қилинг. Ёшларимизга ижобий мотивация бериш, бизнес ва тадбиркорлик соҳасида зарур билимларни етказиш, уларга тадбиркорлик асосларини ўргатиш, ўзларининг бизнес лойиҳаларини мустақил равишда эмин-эркин айтиб бера олишлари учун муаммоларнинг калити - мулоқот ва муомала маданиятидир. Мулоқотнинг калити нутқ бўлса, муомаланинг калити хулқдир. Нутқий ва хулқий маданиятга эга бўлмаган шахснинг ижтимоий ҳаётда ўрни ҳам, нуфузи ҳам бўлмайди.
Президентимиз жорий йилнинг ўтган 11 ойида ёш оилалар ўртасида 25 минг ажримлар қайд этилгани, бу салбий ҳолат барчамизни жиддий безовта қилиши ва қаттиқ ташвишга солиши кераклиги борасида сўзлай туриб, “25 минг ажрим – агар ҳар бир оиланинг камида уч нафар аъзоси бўлса, бу – 100 минг одам ҳаётининг барбод бўлгани эмасми?! Бунинг оқибатида қанчадан қанча бегуноҳ болалар тирик етим бўлиб қолади. Қанча инсоннинг тақдири издан чиқиб, сарсон-саргардон бўлади”, - дея куюнчаклик билан фикр юритдилар. Оилавий масалалар ва ажримларга назар ташлайдиган бўлсак, ножўя айтилган бир сўз ёхуд ўринсиз таъна-дашном, ахлоқсиз хатти-ҳаракат ахийри, кўнгил қолишига, орага совуқлик тушиб, ҳатто ажралишга ҳам сабаб бўлмоқда. Наҳотки, асрлар давомида тинч –тотув яшаб келган бобо ва момоларимизга хос бўлган мулоқот ва муомала маданиятини, муошарат одобини унутиб қўйган бўлсак. Бу муҳим масалага лоқайдлик ва эътиборсизлигимиз натижасидир. “Нега мана шу оилаларни сақлаб қолиш учун маҳаллада ҳаракат қилмадик, ёшларга тўғри йўлни кўрсатмадик? Кўпни кўрган мўътабар нуронийларимизга, оқила ва меҳрибон оналаримизга мурожаат этмоқчиман. Бу оғриқли масалада бизга ёрдам беринглар, деб илтимос қиламан”,- дея Президентимизнинг ёлборишигача олиб бордик. Психолингвистиканинг услубларини кенг жорий эта оладиган мутахассисларга, герменевтик салоҳияти бор бўлган устозларга имкон берайлик, уларнинг тажрибасидан, нотиқлик маҳоратидан унумли фойдаланайлик. Бундай муаммоларнинг кескин камайиб кетиши тайин.
Буюк аллома боболаримиз хоҳ табиий, хоҳ ижтимоий фанлар билан шуғулланган бўлмасин, муошарат одобини, илми балоғани – воизлик санъатини обдон эгаллашган. Шу боис фан ва маданиятга оид жаҳоншумул ихтироларни инкишоф этишган. Буюк аждодимиз Ал-Хоразмийга Испаниянинг Мадрид шаҳридаги 500 йиллик тарихга эга нуфузли Комплутенсе университетида ҳайкалнинг ўрнатилиши Президентимиз таъбири билан айтганда, халқимизга, унинг қадимий тарихи ва бой илмий меросига кўрсатилган юксак ҳурмат рамзи бўлди.
Давлатимиз раҳбари ўз маърузаларида Муҳаммад Хоразмийнинг: “Сўз – гул, иш – мева”, деган ҳикматли сўзларини келтирдилар. Сўз нутқ ва мантиқ мояси, иш эса натижанинг белгиси. Демак, режасиз иш қолипсиз ғиштга ўхшайди. Ҳаракатнинг натижаси, ҳосиласи муҳим. Айтилган сўз билан бажариладиган иш уйғунлиги ҳаракат ва мақсадларнинг ойдинлигини билдиради. Шоир эътироф этганидай,
Фақат билим билан баландмас одам,
Аҳду вафо билан баланд-паст одам,
Сўзи билан иши бир бўлса агар
Ҳар нарсадан азиз, муқаддас одам.
Демак, ёшлардан фаолият жараёнида сўз ва иш, илм ва амал бирга бўлиши кераклиги талаб этилади. Бунинг учун илмни қадрлаш, унинг моҳиятини билиш ҳамда амал қилиш зарурияти ҳар қачонгидан муҳим.
Президентнинг ушбу ўгити ёшлар учун ибрат ва сабоқ бўлиши лозим. “Ўз тажрибамдан келиб чиқиб, сизларга айтадиган маслаҳатим шу: Илмни қадрланг, илмга интилинг! Бир сония вақтингиз ҳам бекор ўтмасин! Ёшлик – умрнинг энг бебаҳо даври. Илм ва билим – ўтда ёнмайдиган, сувда чўкмайдиган, ҳеч ким сиздан тортиб ололмайдиган бойлик эканини асло унутманг!” Илмни ўзлаштириш ва амал қилиш билим олишдан бошланади. Билим олиш даражаси билим берувчининг маҳорати ва сифатига боғлиқ. Демак, бу масала ҳам бевосита педагогнинг коммуникатив компетентлигига, аниқроғи нутқ ва нотиқлик санъатига бориб боғланади. Тушуниш, тушунтириш, талқин қилиш таъсирчанлик замирига қурилса, фойдаси ҳам, ҳосиласи ҳам унумли бўлади.
Дунёда глобаллашув ва рақобат тобора кучайиб бораётган бугунги вазиятда барча соҳаларда юксак билимли кадрларни тайёрлаш, тараққиётдан ортда қолиб кетмаслик учун мустақил фикри ва ўз нутқига эга ёшларни камолга етказиш зарур. Негаки, тафаккури теран ўз қарашига эга бўлмаган ёшлар инновацион ихтироларни яратишга қобил бўла олмайди. Таълим тизимидаги туб ислоҳотлар, хусусан, Президент ва ижод мактабларини ташкил этишдан мақсад ҳам ана шунга йўналтирилган.
Маърузада 2021 йилдан бошлаб мактаб ўқувчилари ва олий ўқув юртлари талабалари ўртасида “Бўлажак олим” танловини ташкил қилиш, бунинг учун ёшларнинг энг яхши инновацион ҳамда стартап лойиҳаларига 50 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши қайд этилди. Шунингдек, ёшларимизнинг лидерлик қобилиятини кучайтириш, уларнинг фаоллигини ошириш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, илғор иш тажрибаларини оммалаштириш учун “Камалак юлдузлари”, “Йилнинг энг фаол ёшлар етакчиси”, “Йил сардори” каби кўрик-танловларни ўтказиш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини ва ташкилотчилик қобилиятини янада юксалтириш назарда тутилар экан, бу ҳам ўз-ўзидан мулоқот ва психолингвистик методларни чуқурроқ эгаллашлари лозимлигини билдиради.
Худди шу йўсинда ёшлар форумида таъкидланган ёшларимизнинг хотирасида ёрқин из қолдирадиган даражадаги “Абдулла Орипов издошлари”, “Ўткир Ҳошимов асарлари билимдони”, “Ботир Зокиров санъати давомчилари” каби адабиёт ва санъат байрамларини ўтказилишидан кўзланган мақсад ҳам мустақил фикр, мушоҳада шавқи, мутолаа завқини, нутқий малакани ўстиришдан иборат. Бу эса давлат раҳбари эътироф этганидай, ҳар қандай янги цивилизация, янги Уйғониш даври китоб ва кутубхоналардан бошланади. Янги Ренессанснинг илк қадами сифатида Тошкент шаҳрида замонавий, муҳташам кутубхона барпо этиши борасидаги ташаббус ёшларнинг олқишларига сабаб бўлди.
Тарғибот ва ташвиқот қуроли бўлган сўздан, турли мақсадларда фойдаланиш кучайган информацион даврда “мия ҳужуми” сифатида нутқдан ғаразли мақсадларда фойдаланаётган ёт ғоя-ёв ғоялар ҳам борлигидан кўз юмиб бўлмайди. Бу борада ҳам нутқий маҳоратни эгаллаш кундалик ва долзарб масала сифатида юзага чиқади. Жаҳоннинг кўплаб минтақаларида кескин вазият сақланиб турли низо ва зиддиятлар авж олар экан, биз жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш услубларини тўла эгаллаган ёшларни тарбиялашимиз зарур. Давлат раҳбари ўз маърузасида “Ҳозир бутун дунёда терроризм, экстремизм ва бошқа таҳдидлар Интернет маконига кириб, мослашиб олган. Шунинг учун уларга қарши курашиш осон кечмаяпти, мана шундай мафкуравий кураш шароитида ёшларимиз сезгир ва огоҳ бўлиши, ҳар бир масалада аввало Ватан манфаатини ўйлаб иш тутиши зарур”, - дейишлари бежиз эмас.
Ёшлар келажаги билан боғлиқ ҳар қандай вазифа – бирламчи аҳамиятга эгалигини таъкидлаган Президент ёшлар билан ишлаш Президентдан тортиб вазиргача, ҳокимдан тортиб маҳалла раисигача – ҳаммамизнинг энг асосий ишимизга айланиши зарур, - дея уқтирди. Бу эса масаланинг ниҳоятда зарур ва долзарблигини англатади.
Барча даражадаги раҳбарлар ёшлар билан ишлашда, уларнинг муаммоларини бартараф этишда уларнинг таклиф ва талабларига юзаки қарамаслиги, аниқроғи, улар билан тиллашишгина эмас, балки диллашиш услубларини ҳам обдон эгаллашлари керак. Шундагина ёшлар ўз дилидаги фикр-мулоҳазаларини тортинмасдан айта олади.
Ёшларни Ўзбекистонимизнинг ўзаги деганда, мамлакатимиз тараққиётининг барча жабҳаларида, турли ислоҳотларни изчил амалга оширишда фаол бўлган авлодни тушунсак, безаги деганда, кўзимизни қувонтириб, қалбимизни яйратадиган ўзларининг интеллектуал ва жисмоний салоҳияти билан ҳавас ва ҳайратимизга боис бўлувчи тиришқоқ, изланувчан ҳамда интилувчан ёшларни англаймиз. Булар эса Президентимиз айтганидай, келажагимиз ворисларидир.
Раҳимбой ЖУМАНИЁЗОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси