Ёшлар ёт ғоялар таъсирига тушмоқда...
Андижон давлат университетида “Ёшларни турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишдан огоҳ этайлик” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Бугунги ўта ривожланган глобаллашув ва ахборот алмашинуви даврида диний-экстремистик ғояларни тарқатиш орқали бойлик орттиришни, турли сиёсий мақсадларни кўзлаган айрим тоифалар томонидан интернет тармоғида одам савдоси, гиёҳвандлик, терроризм ва диний экстремизмни тарғиб этишга қаратилган бузғунчи ғоялар кенг тарқатилаётганлиги нафақат юртимиз жамоатчилиги, балки жаҳон ҳамжамиятини жиддий ташвишга солмоқда.
Ана шундай мураккаб бир даврда юртимиз ёшларини диний экстремистик ҳамда турли ёт ғоялар, “оммавий маданият” кўринишлари таъсиридан асраш жамиятимиз, зиёлилар олдида турган энг муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати вакиллари, Андижон давлат университети профессор-ўқитувчилари, тюторлар, талабалар иштирокида ўтказилган давра суҳбатида ана шу хусусида сўз юритилди.
[gallery-10599]
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита вакили Жаҳонгир Мелиқўзиев, Давлат хавфсизлик хизмати масъул ходими Анваржон Абдуллаев, университет биринчи проректори Аъзамжон Ҳамрақулов ва бошқалар томонидан диний-экстремистик оқимлар томонидан тарқатилаётган ғояларнинг жамиятимиз тинчлиги ва хавфсизлигига соладиган таҳдидларини бартараф этиш, мамлакатимизда ижтимоий-сиёсий вазият ва маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, динлар ва миллатлараро муносабатларни яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
Жумладан, ёшларга қуролли тўқнашувлар рўй бераётган ҳудудларда фаолият юритаётган террористик гуруҳлар, уларнинг жирканч мақсадлари ҳақида маълумотлар берилди.
– Интернет орқали билим ва тафаккурини ошираётган ёшлар жуда кўп, – дейди Андижон давлат университети талабаси Зилола Эгамбердиева. – Аммо ойнанинг акс томони бўлгани каби интернетдан нотўғри фойдаланаётган ёшларимиз ҳам йўқ эмас. Бунинг натижасида айрим тенгдошларим турли ёт ғоялар, "оммавий маданият" кўринишлари таъсирига тушиб қолмоқда. Миллий маънавиятимизга, менталитетимизга ёт ғояларни, шавфқатсизликни тарғиб этувчи, маълумотлар билан онгини заҳарламоқда. Тадбир давомида ана шулар ҳақида ҳаётий мисоллар асосида кенг маълумот, тушунчалар олдик. Энди билиб-билмай нотўғри йўлга кириб қолаётган тенгдошларимизни тўғри йўлга қайтаришда янада фаол бўламиз.
Тадбирда Янги Ўзбекистонни барпо этиш, Учинчи Ренессанс пойдеворини мустаҳкамлаш учун ҳар бир юртдошимиз, айниқса, ёшларимиз фаол ва фидойи бўлишлари, берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиб, Ватанимиз равнақи ва тараққиётига химат қиладиган инсонлар бўлиб камол топишлари муҳим эканлиги алоҳида қайд этилди.
Давра суҳбати иштирокчилари томонидан ёшларнинг огоҳлигини ошириш, турли ёт ғояларга қарши маънавий иммунитетини мустаҳкамлаш, мавзу доирасидаги тарғибот ишларини янада кучайтириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Тадбирда диний экстремизм ва терроризмнинг фожиали оқибатлари тасвирланган ҳужжатли фильм намойиш этилди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА