Ёшлар ва хотин-қизларни гиёҳвандликдан ҳимоя қилишга қаратилган ишлар кучайтирилди
Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан ёшлар ва хотин-қизлар ўртасида гиёҳвандлик воситалари, психотроп ҳамда бошқа кучли таъсир қилувчи моддалар истеъмолининг олдини олишга оид ишлар самарадорлигини баҳолаш мақсадида ўрганишлар олиб борилмоқда.
Мазкур йўналишда қўмита ҳузурида ишчи гуруҳ фаолияти йўлга қўйилди. Ҳудудларда амалга оширилаётган профилактик тадбирлар, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар комплекс таҳлил қилинмоқда.
Гиёҳвандликка мойил шахсларни эрта аниқлаш, улар билан маҳалла ва таълим муассасалари кесимида индивидуал профилактик ишларни ташкил этиш, ота-оналар билан ҳамкорликни кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Таълим муассасаларида ўқувчи ва талабалар ўртасида аниқланган ҳолатлар, хавф гуруҳига кирувчи ёшлар билан индивидуал ишлаш амалиёти таҳлил қилиб борилмоқда.

Наркология муассасаларида даволанган ёшлар ва хотин-қизларни кейинчалик ишга жойлаштириш, касб-ҳунарга ўқитиш, ижтимоий ва психологик қўллаб-қувватлаш ҳамда жамиятга қайта мослаштириш масалаларига ҳам урғу берилмоқда.
Ўрганишлар жараёнида Интернет ва ижтимоий тармоқлардан наркотик моддаларни тарқатиш воситаси сифатида фойдаланишнинг олдини олиш чоралари кўрилмоқда.

Ўрганишлар натижалари асосида мавжуд муаммоларни бартараф этиш, профилактика ишларининг таъсирчанлигини ошириш, ёшлар ва хотин-қизларни гиёҳвандлик балосидан ҳимоя қилишга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилади.
Н.Абдураимова,
ЎзА