Ёшлар учун театр ойлиги
Мактабгача ва мактаб таълими, Маданият ва туризм вазирликлари ҳамда “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг қўшма қарорига асосан, май ойи мамлакатимизда “Театр ойлиги” деб эълон қилинган. Мазкур ойлик доирасида Андижон вилояти Мактабгача ва мактаб таълими, Маданият ва туризм бошқармалари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими томонидан олий ўқув юртлари талабалари, умумтаълим мактаблари ўқувчилари боғча тарбияланувчиларининг мароқли маданий ҳордиқ чиқариши ҳамда маънавий озуқа олишларини таъминлаш мақсадида қатор тадбирлар ўтказилмоқда.
Ойлик доирасида вилоятда фаолият олиб бораётган З.М.Бобур номли вилоят театри, Андижон ёшлар ҳамда вилоят қўғирчоқ театрлари ижодий жамоалари томонидан туман ва шаҳарлардаги маданият саройлари, олийгоҳлар, умумтаълим мактаблари ҳамда мактабгача таълим ташкилотларида спектакллар, турли театр томошалари намойиш этилмоқда.
– Театримиз жамоаси шу кунларда Бўстон тумани Маданият саройида мактаб ўқувчилари учун ўзбек халқ эртаги асосида саҳналаштирилган “Ур тўқмоқ” спектаклини намойиш этмоқда, – дейди Андижон ёшлар театри директори Бекзод Ҳомидов. – Дарс машғулотларидан кейин тумандаги умумтаълим мактабларининг бошланғич синф ўқувчилари маданият саройига келиб, спектаклимизни томоша қилмоқда, кўнгилли ҳордиқ чиқармоқда. Энг муҳими, болажонларнинг театр санъатига бўлган қизиқиши ортмоқда, қолаверса, спектакль орқали қалбларида эзгулик ҳамиша қабоҳат устидан ғалаба қозонади, деган ишонч мустаҳкамланмоқда.
[gallery-11888]
Бундан ташқари, Андижон ёшлар театри ижодий жамоаси томонидан Андижон машинасозлик институтида “Майсаранинг иши”, Андижон давлат чет тиллар институтида “Тўмарис” спектакллари намойиш этилди. Вилоятда “Театр ойлиги” доирасида театрлар жамоаларининг спектакль ва театр томошалари намойишлари давом этмоқда.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов
ЎзА