Ёшлар учун тарихий давр
Ўтган йилнинг энг сўнгги ойи биз ёшлар учун ҳақиқий унутилмас, қувончли воқеаларга бой бўлди.
Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон ёшлари форумида сўзлаган нутқи ва Парламентга йўллаган Мурожаатномаси, айниқса, 2021 йил –“Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб эълон қилинганлиги барча ёшларни янада руҳлантириб юборди.
Интернет ва ойнаи жаҳон орқали дунёда нималар рўй бераётгани, 2 миллиард нафардан ортиқ дунё ёшлари ҳаёти, тақдири, орзу-умидлари қандай кечаётганлиги, қандай шароитда яшаётганлиги ҳақида керакли тасаввурга эгамиз. Ҳаттоки, баъзи давлатларда ёшларга етарли даражада эътибор қаратилмаётганлиги сабабли кўплаб салбий оқибатларга олиб келаётганлигидан озми-кўпми хабардормиз. Нега мен ўз мулоҳазамни бу фикрлардан бошлаяпман. Чунки, ёшларимиз буни билишлари керак. Бугунги кунда бизнинг юртимиз ёшларига давлатимиз томонидан бўлаётган катта эътибор ва ғамхўрликлар бирорта давлат йўқ десам, муболаға бўлмайди. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев биз ёшларнинг ҳар жабҳада қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Мамлакатимизда сўнги тўрт йил мобайнида ёшлар сиёсатига дахлдор жами 5 та Қонун, Президентимизнинг 7 та фармони, 14 та қарори, 2 та фармойиши, Вазирлар Маҳкамасининг 23 та қарори, 4 та фармойишларининг қабул қилинганлиги ёшларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга йўналтирилганининг ёрқин исботидир. Ёшларга оид давлат сиёсатини изчил ва самарали амалга ошириш, ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш мақсадида Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси қошида Ёшлар парламенти ташкил қилинган. Ушбу Парламент аъзолари ичида Навоий кон-металлургия комбинатининг Шимолий кон бошқармаси ёшлар етакчиси Фаррух Абдимўминовнинг ҳам борлиги, қувонарли ҳол, албатта.
Бугун янги Ўзбекистонда рўй бераётган оламшумул ўзгаришлар, улкан тараққиёт одимлари ва албатта юрт ёшларига яратилаётган кенг шароитларга дунё аҳли ва ёшлари ҳавас қилмоқда. Бундан фақат ғурурланиш, шундай жаннатмонанд юртда туғилганимизга шукроналар айтиш, она Ватанимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишга камарбаста бўлиш, юртимиз довруғини дунёга таратишга ҳисса қўшиш муқаддас вазифамиздир.
Муҳтарам Юртбошимизнинг ёшлар форумидаги нутқини видеоселектор йиғилишида, шунингдек, тарихий Мурожаатномасини ойнаи жаҳон орқали эшитиб, ниҳоятда таъсирландим. Бу ҳаётбахш маърузалар ҳамкасбларим қаторида менга ҳам куч-ғайрат бағишлади ҳамда олдимга турган масъулият ҳиссини янада кучайтирди. Оммавий ахборот воситаларида ушбу маърузаларни комбинат ёшлари етакчилари билан қайта-қайта ўқиб ва уқиб, ўзимиз учун келгусида бажарилиши лозим бўлган аниқ вазифаларни, иш режаларимизни белгилаб олдик. Шак-шубҳасиз, бу биз учун ишимизни тўғри ташкил этишда муҳим дастуриламал бўлади.
2021 йил юртимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилингани ҳаётимизда янги саҳифа очди ва бу тарихий кун комбинатнинг ўн беш мингдан ортиқ ёшларини ҳам руҳлантириб юборди. Мазкур тарихий Мурожаатномада ёшлар фаолиятига дахлдор олтита устувор йўналиш бўйича ишлар олиб борилиши юртимиз ёшлари учун янгидан-янги имкониятлар эшигини очишида муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.
Мурожаатномада Юртбошимизнинг “Биз ислоҳотларимиз кўлами ва самарасини янада оширишда ҳар томонлама етук, замонавий билим ва ҳунарларни пухта эгаллаган, азму шижоатли, ташаббускор ёшларимизга таянамиз. Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак” деган даъватлари галдаги орзу-умидларимиз рўёби ифодасидир.
Бугунги кунда комбинатда 124 та бошланғич ташкилотлар фаолият юритмоқда. Комбинатда ишчилар ва муҳандис-техникларнинг ўртача ёши ўттиз еттида, раҳбар ходим ҳамда мутахассисларнинг йигирма беш фоизини ўттиз ёшгача бўлган йигит-қизлар ташкил этади.
Яна шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, комбинат томонидан ёшларни қўллаб-қувватлаш, улар истеъдодини рўёбга чиқариш, ёш мутахассисларни тарбиялаш борасида ўзига хос мактаб яратилган. Жумладан, ҳар йили ёшларимиз ўртасида “Йилнинг энг ёш мутахассиси”, “Йилнинг энг ёш касб эгаси”, “Йилнинг энг яхши рационализаторлик таклифи”, “Йилнинг энг яхши ёшлар етакчиси” каби танловлар, “Устоз-шогирд” анъанаси бўйича янги қабул қилинган ёшларни тажрибали мутахассисларга бириктириш, ёш ходимларни республика ва комбинат тизимида мавжуд ўқув марказларида малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш мунтазам равишда олиб борилмоқда.
Тарихга айланган 2020 йилда комбинатимизнинг фидойи ёшлари Оролни ўрмонлаштириш лойиҳаси доирасида саксовул кўчатларини ўтқазишда жонбозлик кўрсатишди. Халқимиз бошига синовли кунларда ёшларимиз саховат ва кўмак ишларида фаол қатнашдилар. Жумладан, Қоракўл ва Олот туманларидаги табиий офат ва Сардобадаги фожиасидан зарар кўрганларга юборилган ёрдам юкларини юборишга ҳисса қўшишган бўлса, “Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига ҳомийлик маблағларини йиғиш бўйича тарғибот ишларида, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида кўнгилли ёшлар томонидан кам таъминланган оилаларга озиқ-овқат маҳсулотларини республикамизнинг турли ҳудудларига етказиб бериш, шунингдек коронавирус билан курашишда профилактик ишларни олиб бориш каби хайрли ишларни амалга оширишда фаоллик кўрсатишганлиги билан фахрланамиз, албатта.
Мана 2021 йилга ҳам ўзига хос ва мос ном берилди. Олдимизга амалга ошириладиган вазифаларни белгилаб олиб, маррани баланд олдик. Унинг бош ғояси замирида эса ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдек эзгу мақсадлар мужассам. Биз ёшлар мана шундай тарихий замонда яшаётганимизни ҳис қилган ҳолда, ўзимизнинг билим ва истеъдодимизни юртимиз тараққиёти учун сафарбар этишимиз керак.
Санжар РАДЖАБОВ,
НКМК ёшлар етакчилари Кенгаши раиси