Ёшлар учун “Очиқ эшиклар куни” ташкил этилди
Навоий вилояти Кармана туманида жойлашган Мудофаа вазирлигига қарашли ҳарбий қисмда ёшлар иштирокида “Очиқ эшиклар куни” тадбири ўтказилди.
Бугунги кунда ёшларнинг билимли, маънавий етук, жасур ва фидойи инсонлар бўлиб вояга етиши давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу боис, ҳарбий қисмларда ўтказилаётган “Очиқ эшиклар куни” каби тадбирлар ёш авлод қалбида ватанпарварлик, бурч ва масъулият туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Тадбир давомида иштирокчилар ҳарбий қисмда яратилган шарт-шароитлар, ҳарбий хизматчиларнинг кундалик фаолияти ва хизмат тартиби билан яқиндан танишди. Шунингдек, замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникалар кўргазмаси ташкил этилиб, ёшларга уларнинг техник имкониятлари ва қўлланилиши ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

– Бугунги кунда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Бу борада ҳарбий қисмларда ўтказилаётган “Очиқ эшиклар куни” тадбирлари муҳим аҳамият касб этмоқда, – дейди ҳарбий қисм маданият маркази бошлиғи Раҳимжон Қаюмов. – Мазкур тадбирлар орқали ёшлар ҳарбий хизматнинг мазмун-моҳияти, ҳарбий хизматчилар учун яратилган шарт-шароитлар ҳамда миллий армиямиз салоҳияти билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлмоқда. Бундай учрашувлар ёшларда ватанпарварлик, фидойилик, интизом ва масъулият каби юксак фазилатларни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади.
Албатта, ёшларда Ватан тақдирига дахлдорлик туйғусини шакллантириш, миллий армиямизга бўлган ҳурмат ва ишончни мустаҳкамлашда бу каби учрашувлар алоҳида аҳамият касб этади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири