Ёшлар учун маҳорат дарси
Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейида ипакдан қоғоз тайёрлаш технологиясига бағишланган маҳорат дарси бўлиб ўтди.
Манбаларга кўра, кўҳна Шарқда, хусусан, Ўрта Осиёда китобатчилик соҳасининг шаклланиши ва тараққий этиши Шарқ дунёсида илк бор айни шу ҳудудда қоғоз ишлаб чиқаришнинг йўлга қўйилганлиги билан узвий боғлиқдир. Манбалардан маълумки, хитойликлар қадимда сердаромад соҳа ҳисобланган қоғоз ишлаб чиқаришни қанчалик сир тутмасинлар, Самарқандда ҳам Хитой қоғози сингари сифатга эга маҳсулот тайёрлана бошланди. Чунки Самарқандда қоғоз ишлаб чиқариш учун керакли бўлган хомашёнинг барча турлари – ипак, пахта, каноп, қамиш, похол, тут новдаси пўсти кўп эди. Шу тариқа Самарқанд қоғозининг довруғи қисқа вақт ичида дунёга таралди.
Самарқанд қоғозининг яратилиши хусусида тарихий манбаларда турлича фикрларни учратиш мумкин. Мутахассисларнинг фикрича, ҳали Европада папирус ва пергамент асосий ёзув ашёси сифатида фойдаланилаётган бир вақтда Шарқ мамлакатларида аллақачон қоғоз ишлаб чиқариш йўлга қўйилганди.
[gallery-2107]
Бу қоғоз турининг Европа бозорига етказиб берилиши у ерда илгари ёзиш учун асосий ашё сифатида ишлатилиб келинган папирус, чарм, пергамент кабиларнинг ўрнини энди қоғоз эгаллашига ва бу эса, нафақат Европа, балки бутун дунё маданий тараққиётининг юксалишига сезиларли туртки бўлди.
Самарқанд қоғозини тайёрлаш тахминан уч юз йил давомида сир тутиб келинди. Кейинроқ бу қоғоздан андоза олган ҳолда, дастлаб, Ироқ ва Сурияда қоғоз тайёрлана бошланди.Сўнг Миср, Шимолий Африка ва Марокаш орқали Испанияга ҳам Самарқанд қоғозини тайёрлаш технологияси етиб келиб, Европага ёйилди.
Олимларнинг фикрича, Ўрта Осиёни Чор Россияси истило қилгач, бу ерда қоғоз ишлаб чиқариш тўхтатиб қўйилди. Ўрта Осиёда қоғоз Самарқанддан ташқари, Бухоро, Қўқон шаҳарларида ва уларнинг теварак-атрофида жойлашган қишлоқларда ҳам ишлаб чиқарилган. Венгер олими Ҳерман Вамбери Бухорода тайёрланган қоғоз ҳақида қуйидагиларни ёзади: «Бухорода тайёрланган ёзув қоғозларининг шуҳрати нафақат Туркистонга, балки қўшни давлатларга ҳам таралгандир".
Маҳорат дарси давомида ипакдан қоғоз тайёрлаш технологиясига оид билимлар ёшларга таништирилди.
Н.Усмонова, ЎзА