Ёшлар учун ибрат мактаби
Асака туманидаги 57-умумтаълим мактабида “Хотира – муқаддас, хотира – шараф” мавзусида “Уч авлод учрашуви” бўлиб ўтди.
Туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳамда “Нуроний” уюшмаси туман бўлинмаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда узоқ йиллар турли соҳаларда самарали меҳнат қилган бир гуруҳ меҳнат фахрийлари, умумтаълим мактаби ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этди.

Тадбирда мактаб директори Обидахон Ҳакимова ва бошқалар юрт равнақига муносиб ҳисса қўшган, катта ҳаёт тажрибасига эга отахон ва онахонлар хонадон ва маҳаллаларимиз кўрки, файзи, уларнинг умр йўллари эса ёшлар учун ибрат мактаби эканлигини таъкидлади.
Тадбирда ички ишлар тизимида узоқ йиллар самарали меҳнат қилган, истеъфодаги милиция подполковниги Орифжон Юлдашев ўзининг ибратли ҳаёт йўли, касбий фаолияти ҳақида иштирокчиларга хотираларини сўзлаб берди.

– Ҳар бир инсон, аввало, фидойи, ватанпарвар, юртга садоқатли бўлиши керак. Шундагина у қайси соҳада бўлмасин юрт равнақига муносиб ҳисса қўшадиган инсон бўлади. Ишонч билан айта оламанки, бугунги шижоатли ёшларимиз ана шундай инсонлар бўлиб камол топади, – дейди меҳнат фахрийси Обиджон Юлдашев.
Шунингдек, тадбирда Ватанимиз мустақиллиги ҳимояси йўлида жон фидо этган мард ўғлонларимиз хотирасини ёд этиш, бугунги кунда орамизда соғ-саломат яшаб келаётган уруш ва меҳнат фахрийлари, нуроний ватандошларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, инсон шаъни ва қадрини улуғлаш ҳар биримиз учун ҳам қарз, ҳам фарз эканлиги, қолаверса, юртимиз ёшлари пухта билим олиши, яратиб берилаётган кенг имкониятлардан унумли фойдаланишлари муҳим эканлиги айтиб ўтилди.

– Тадбирда юксак инсоний фазилатлар, инсонни улуғлаш, кексаларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш ҳақида ибратли хотираларни, ҳаётий ҳикояларни эшитдик, – дейди 11-синф ўқувчиси Юсуфжон Иминов. – Ана шу хотиралар, ҳикоялар биз ўқувчилар учун ибрат мактабидир.
Тадбирда ҳарбий оркестр ижросидаги куйлар, спортчи ёшларнинг кўргазмали чиқишлари, ўқувчи ёшлар томонидан намойиш этилган саҳна кўринишлари меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА мухбири.