Ёшлар тадбиркорликка оид билимини янада бойитди
Андижонда “Депутат, тадбиркор ва ёшлар учрашуви” тадбири бўлиб ўтди. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси Андижон вилояти кенгаши ҳамда Андижон шаҳридаги “SAMOINUR-AKFA” LTD масъулияти чекланган жамияти ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда партиядан сайланган депутатлар, партия фаоллари, тадбиркорлар ва тадбиркорликка қизиқувчи ёшлар, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
– Тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, ёшларни самарали иш олиб бораётган тадбиркорлар фаолияти, ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан таништириш орқали уларнинг тадбиркорликка бўлган қизиқишини ошириш, ўз бизнесини йўлга қўйишларига кўмаклашиш, – дейди халқ депутатлари Андижон вилояти кенгаши депутатлари Роҳатжон Тўйчиев. – Қолаверса, бу борада ёшларга мотивация бериш, тадбиркорлик борасидаги билимларини бойитиш кўзда тутилган.
Тадбирда депутатлар томонидан ёшларга тадбиркорликни йўлга қўйиш, юртимизда ёш тадбиркорларга яратиб берилаётган шароитлар, қонунчиликдаги имтиёзлар, кредит олиш тартиблари ҳақида кенг маълумот берилди.

“Тадбиркорликни йўлга қўйиш учун ишни нимадан бошлаш керак?”, “Тадбиркор қандай фазилатлар соҳиби бўлиши лозим?” каби қатор саволлар асосида вилоятда муваффақиятли фаолият юритаётган тадбиркорлар томонидан тадбирда қатнашган ёшлар учун маҳорат дарслари, “Муваффақиятга эришиш сирлари” мавзусида мотивацион тренинг ўтказилди. Депутат ва тадбиркорлар ёшларни қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб қайтарди.
Тадбир иштирокчилари “SAMOINUR-AKFA” LTD фаолияти, корхонанинг ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишди. Ёшларнинг депутат ва тадбиркорлар билан учрашуви уларнинг тадбиркорлик борасидаги билимларини янада бойитди.

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат),
ЎзА