Ёшлар стартаплари – инвесторлар эътиборида
Ёшларни технологик тадбиркорликка кенг жалб қилиш, инновацион ғояларни қўллаб-қувватлаш ва истиқболли лойиҳаларни амалиётга жорий этиш мақсадида пойтахтимизда навбатдаги стартап тадбири ўтказилди.
«StartupFest» лойиҳаси доирасида «Yandex Uzbekistan» компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган Catalyst Pitch Day тадбирида саралашдан ўтган 20 дан зиёд стартапчи ўз лойиҳаларини соҳа мутахассислари, экспертлар ва инвесторларга тақдим этди.
Тақдимотлар давомида стартапларнинг технологик ечимлари, бизнес моделлари, бозордаги истиқболлари ва ривожланиш имкониятлари муҳокама қилинди. Ёш тадбиркорлар ўз ғояларини профессионал аудиторияга намойиш этиб, мутахассислардан лойиҳаларни такомиллаштириш бўйича фикр ва тавсиялар олди.
Тадбир иштирокчилари «Yandex Uzbekistan» офиси фаолияти билан ҳам танишди. Компания вакиллари билан мулоқотлар чоғида технологик лойиҳаларни ривожлантириш, инновацион ечимларни амалиётга жорий этиш, корпоратив ҳамкорлик ва инвестиция имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.
Catalyst Pitch Day доирасида тақдим этилган лойиҳалар орасида инвестиция жалб қилган стартаплар ҳам бор. Жумладан, “Bonu”, “CoreAI” ва “VoiceLabs” лойиҳаларига “Yoshlar Ventures” ёшлар венчур жамғармаси ҳамда «Yandex Uzbekistan» томонидан инвестициялар киритилди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, стартапнинг муваффақияти нафақат инвестиция жалб қилиш, балки унинг бозор эҳтиёжини қондириши, рақобатбардош маҳсулот яратиши ва келгусида кенгайтириш имконияти билан ҳам белгиланади.
[gallery-31396]
Бундай тадбирлар ёш стартапчилар учун ўз лойиҳаларини синовдан ўтказиш, тажрибали мутахассислар ва инвесторлар билан бевосита мулоқот қилиш, янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш учун муҳим майдон вазифасини ўтамоқда.
Тадбир якунида энг яхши лойиҳалар эътироф этилиб, ғолиблар тақдирланди.
Камола Юсупова,
Ўктам Ҳайитов (сурат), ЎзА