Ёшлар ойлиги эълон қилинди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ёшлар ишлари агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз йиллиги муносабати билан «Янги Ўзбекистон ёшлари бирлашайлик!» шиори остида ёшлар ойлигини ташкил этишга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Маълумки, 2017 йилдан буён юртимизда 30 июнь – Ёшлар куни сифатида нишонланмоқда.
Жорий йилда ҳам мазкур ойликни жойларда юқори савияда ташкил қилиш ҳамда 30 июнь – Ёшлар кунини кўтаринки кайфиятда ўтказиш мақсадида республикамизнинг барча ҳудудларида июнда «Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!» шиори остида «Ёшлар ойлиги» ташкил этилади.
Ёшларимизни жисмонан соғлом, маънан етук инсонлар этиб тарбиялаш, илмий ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш ҳамда уларни мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик, ижтимоий ва иқтисодий ислоҳотларга фаол жалб қилиш мақсадида ташкил этилган ойлик доирасида ёшлар учун махсус тадбирлар, ҳар бир туман (шаҳар)лар бўйича 30 дан ортиқ креатив лойиҳа амалга оширилади.

–«Ёшлар ойлиги» доирасида ёшлар манфаатига хизмат қилувчи кўплаб йирик амалий интеллектуал танловлар, учрашувлар, семинар-тренинг, бизнес марафон, спорт мусобақалари ҳамда гала концертлар ўтказишни режалаштирганмиз, –деди Ёшлар ишлари агентлиги ахборот хизмати раҳбари Нодир Абдуқодиров. –Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида «Бўзатов Республика ёшлар овози» фестивали, Сирдарё вилоятида «Бағрикенг Ўзбекистон – умумий уйимиз» миллатлараро дўстлик фестивали, Фарғона вилоятида «Талабалар баҳори – 2021» фестивали, Сурхондарё вилоятида «Мунозара» интеллектуал Республика турнири, Хоразм вилоятида «Ёшлар – Ўзбекистоннинг бебаҳо хазинаси» фестивали каби барча вилоятларни қамраб оладиган ёшлар фестиваллари, танловлар, учрашувлар ва акциялар ташкил этилади.
Ойлик якунида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг барча туман (шаҳар)ларида республика тарғибот гуруҳи аъзолари иштирокида гала-концертлар ташкил этилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА