Ёшлар киберхавфсизлик ҳақида нималарни билиши керак?
Бугун киберхавфсизлик кун тартибидаги энг долзарб масалалардан бирига айланди. Интернет орқали содир этилаётган фирибгарлик, шахсий маълумотларни ўғирлаш, сохта хабар ва ҳаволалар орқали фойдаланувчиларни чалғитиш каби ҳолатлар тобора кўпаймоқда. Бунда сунъий интеллект имкониятларининг кенгайиши ва рақамли хизматларга бўлган талабнинг ортиши ҳам янги хавфларни юзага келтирмоқда.
Энг ташвишлиси, кибержиноятчилар учун фойдаланувчининг ёши ёки касби муҳим эмас. Биргина шубҳали ҳаволани босиш, нотаниш шахсга шахсий маълумотларни юбориш ёки тасдиқланмаган хабарга ишониш жиддий муаммоларга сабаб бўлиши мумкин. Шу боис рақамли маконда ҳушёрлик ва хавфсизлик қоидаларига амал қилиш ҳар бир инсон учун зарур.

Айнан шу масалалар Сирдарё вилояти божхона бошқармасида «Пайшанба — ёшлар куни» доирасида Гулистон шаҳридаги 9-сонли умумтаълим мактаби ўқувчилари иштирокида ташкил этилган учрашувнинг асосий мавзусига айланди.

Тадбирда божхона бошқармаси бошлиғи Нодиржон Салимжонов, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши ҳарбий бўлими бошлиғи Фурқатжон Азимовлар иштирок этишди. Соҳа мутахассислари ўқувчиларга сунъий интеллектдан самарали ва масъулият билан фойдаланиш, рақамли хизматлар имкониятлари, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш ҳамда интернетдаги хавф-хатарларни аниқлаш бўйича тушунчалар беришди.

Айниқса, шубҳали ҳаволаларни очмаслик, нотаниш манбалардан келган хабарларга ишониб кетмаслик, паролларни бошқаларга ошкор қилмаслик, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш каби оддий, аммо муҳим қоидаларга алоҳида эътибор қаратилди. Чунки киберхавфсизлик кўп ҳолларда мураккаб дастурлардан эмас, балки фойдаланувчининг оддий эҳтиёткорлигидан бошланади.

Учрашувда сунъий интеллектнинг таълим ва кундалик ҳаётдаги имкониятлари ҳам муҳокама қилиниб, ундан фойдаланишда ахборотнинг ишончлилигини текшириш, тайёр маълумотни танқидий баҳолаш ва мустақил фикрлаш муҳимлиги таъкидланди.

— Бугунги учрашув ёшларга замонавий технологияларнинг имкониятларини англаш билан бирга, рақамли маконда хавфсиз ҳаракатланиш, шахсий маълумотларни асраш ва сунъий интеллектдан масъулият билан фойдаланиш зарурлигини тушунтиришга хизмат қилди. Зеро, ёшлар қанчалик билимли ва рақамли саводхон бўлса, турли киберхавфларга қарши шунчалик бардошли бўлади, — деди Фурқатжон Азимов.

Дарҳақиқат, бугун интернетдан фойдаланишни билишнинг ўзи етарли эмас. Ундаги хавфларни таниш, ахборотни таҳлил қилиш ва ҳар бир рақамли ҳаракат учун масъулиятни ҳис этиш ҳам зарур. Зеро, рақамли дунёда хавфсизлик — билимдан, ҳушёрликдан ва масъулиятдан бошланади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири