Ёшлар ҳаётида янги саҳифа (+видео)
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган йиғилишдан сўнг мамлакатимизда ёшлар билан ишлаш ва уларни қўллаб-қувватлашнинг янги саҳифаси очилди. Президент томонидан қатор ташаббуслар эълон қилинди, масъул мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.
Ёшлар ишлари агентлиги Андижон вилояти бошқармаси бошлиғи Ойбек Юлдашев Баҳодир ўғли йиғилишда кўтарилган ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтларини мазмунли ўтказишни ташкил этиш масалалари ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирди.
– Юртбошимиз томонидан ёшлар сиёсати таҳлили ҳамда янги ташаббуслар ёшлар сиёсатига эътибор ҳар доим энг устувор масала эканини кўрсатади. Андижон вилоятида 14 – 30 ёшгача 718 минг ёш бўлиб, улар “яшил”, “сариқ”, “қизил” тоифаларга ажратилди. Бу 3 та тоифа нимадан иборат? Биринчиси, “яшил” тоифадагилар бугунги кунда бандлиги таъминланган, ўқиётган, ишлаётган муқим иш жойи бўлган ёшларимиз. “Сариқ” тоифадагилар бугунги кунда ишсиз, уйда ўтирган, ёки норасмий ишлаётган ёшлардир. “Қизил” тоифадаги ёшларимиз 11 та йўналишда профилактик ҳисобда турувчи, ёки мактабда доимий дарс қолдирувчилар, ногиронлиги бўлганлар. Ёт ғоялар таъсирига тушиб қолганлар ҳам шу гуруҳда. Чет давлатларда нотўғри йўлга тушиб қолаётган ёшларимиз учрайди. Бу – ёшлар бандлиги билан боғлиқ. Андижон вилоятига йил бошида 77 минг нафар ёшларнинг бандлигини таъминлаш бўйича режа қўйилган.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Tygg1wu-dmQ" title="Ёшлар ҳаётида янги саҳифа" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Бу йўналишлар кесимида иш бошланган. Мисол учун 26 минг нафар ёшларга ер ажратиш керак эди. Уч ойда 10 мингдан ортиғига 10 сотихдан берилди. Ўтган йили биз йил давомида 20 минг нафар ёшларни “Ёшлар дафтари”га киритган бўлсак, жорий йилнинг биринчи чораги давомида 19 минг ёш шундай имтиёзга эга бўлди. 20 миллиард сўм маблағ ажратилди. Уларнинг 20 тоифадаги муаммолари ҳал этилади.
Жорий йилда 22 минг нафар ёшлар бандлигини таъминлаш лозим бўлса, бугунгача 7,5 минг йигит-қиз ишли бўлди. Қолган ёшларга ҳам иш таклиф қилиняпти. Чунки иш ўринлари бор. Лекин ёшларда иш танлаш имкониятлари бўлгани учун бу жараён давом этяпти. Ёшларнинг нафақат бандлиги, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш учун аниқ чора-тадбирлар белгиланди.
Мисол учун, ҳар бир шаҳар-туманларда, вилоят марказида “креатив парк”ларни ташкил этиш. Ёшлар кундузи ўқийди, ишлайди, кечга борганда улар ўтирадиган, дам оладиган жой йўқ. Кечки 10 дан кейин борса ҳамма жой ёпиқ. 24 соат ишлайдиган “креатив парк”ларни йўлга қўйиш лозим. Бу ерда IT марказлари, киберспорт заллари, караоке, китоб ўқийман деса кутубхона бўлсин. Дам олиб, вақтини мазмунли ўтказсин. Бундан ташқари мактаб, касб-ҳунар коллежлари ҳамда олий таълим биноларида дарс тугагандан кейин ёпилади.
Эндиликда гулхан атрофидаги қўшиқлар, китобхонлик кечалари, кино қўйиб беришни ташкил этиш, ҳудудда спорт мусобақаларини ўтказиш керак. Умуман олганда имконият бор, лекин бундан тўғри фойдаланмаймиз. Буни кеча Юртбошимиз ўтказган йиғилишда аниқ режа қилиб, бажарувчисини аниқ қўйиб, қандай ташкил этилишигача айтиб бердилар. Агар мана шу режани амалга оширадиган бўлсак, барча тоифадаги ёшлар ҳаётида туб ўзгаришлар бўлади.
Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео), ЎзА