“Ватанпарварлик” ойлиги доирасида Тошкент ҳарбий округи Ангрен гарнизонидаги ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари томонидан ҳудуддаги тиббиёт политехникуми, 16- ва 27-сонли ҳамда Оҳангарон туманидаги 3-сонли умумий ўрта таълим мактабларида “Миллий армия – Она юрт қалқони, тинчлигимиз посбони!” шиори остида ватанпарварлик фестивали ташкил этилди.
Тадбирларнинг расмий қисмида ёшларга ҳарбий хизматнинг жамиятдаги ўрни, миллий армиямизнинг ҳимоя салоҳияти, ватанпарварлик ва масъулият тушунчалари ҳақида айтилди. Ҳарбий оркестр ижросидаги ватанпарварлик руҳида куй-қўшиқлар ижро этилди. Шунингдек, фахрий қоровул ва қўл жанги жамоасининг кўргазмали чиқишлари намойиш этилиб, иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Фестиваль доирасида ёшларнинг миллий армияга эътиборини ошириш, Ватан ҳимоясига масъулият туйғусини мустаҳкамлаш ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган викториналар, интерактив ўйинлар, амалий машғулотлар ўтказилди.

Шунингдек, Чирчиқ гарнизонидаги ҳарбий қисмда ҳам очиқ эшиклар куни ташкил этилди. Унда Чирчиқ шаҳридаги умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари ҳамда олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар иштирок этди.

Тадбирда ёшлар ҳарбий қисмда фаолият юритаётган фан ва спорт йўналишидаги тўгараклар, бадиий кутубхона, шунингдек, ҳарбий хизматчиларнинг кундалик хизмат фаолияти ва жанговар тайёргарлик машғулотлари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлди.
Муҳими, мазкур саъй-ҳаракатлар турли ёт ғояларнинг ёшлар онгига таъсирининг олдини олиш, уларни қайси касб йўналишини танлашидан қатъий назар, Ватанга, халқимизга садоқат билан хизмат қилиш руҳида тарбиялашга қаратилмоқда.
А.Мусаев, ЎзА.