Ёшлар етакчилари тажриба оширмоқда
Бўстонлиқ туманидаги “Ёшлар оромгоҳи”да Қашқадарё, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларидаги маҳаллаларда фаолият олиб бораётган 200 нафардан ортиқ ёшлар етакчиси учун амалий семинар ўтказилмоқда.
Семинардан кўзланган асосий мақсад Президентимизнинг 2022 йил 19 январдаги “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан маҳалладаги ёшлар етакчиларининг доимий равишда билим ва кўникмаларини ривожлантириб боришдир. Бунда ёшлар билан ишлашнинг янгича бошқарув механизмларини жорий этиш, улар билан ишлашнинг вертикал тизимини яратиш, ёшлар муаммоларини бевосита маҳаллаларда ҳал этишда етакчиларнинг вазифаларини белгилаб олишга эътибор қаратилади.
Ўқув-семинар иштирокчилари оромгоҳнинг фаоллар залида бир қатор жойларда амалга оширилиши зарур бўлган режалар билан танишди. Хусусан, ёшлар етакчилари ва тегишли масъуллар иштирокида “Ёшларга ер ажратиш”, “Лидерлик қобилиятини шакллантириш”, “Вақтдан унумли фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш”, “Ҳуқуқбузарликка мойиллиги бор ёшлар билан тизимли ишлаш”, “Ёшлар мурожаатлари билан ишлаш”, “Беш ташаббус лойиҳалари”, “Ёшлар дафтари тизимининг мақсади” каби қатор мавзуларда зарур тавсиялар берилмоқда.
– Семинар кун тартиби жуда тиғиз бўлса ҳам унинг доирасида турли мусобақалар, гулхан атрофида гурунглар ташкил этилмоқда, – дейди Бекобод тумани Пахтакор маҳалласи ёшлар етакчиси Исмоил Бобоев. – Айниқса, бошқа вилоятлардаги ҳамкасбларимиз билан бирга ёшларнинг ташаббусларини маҳаллаларда қўллаб-қувватлаш, илм олиш, мамлакатимизда ислоҳотларга дахлдор лойиҳаларни амалга ошириш бўйича фикр алмашяпмиз. Бу биз учун катта тажриба майдонидир.
[gallery-17411]
Ўқув-семинарнинг навбатдаги мавсумида Андижон, Наманган ҳамда Фарғона вилоятларидаги маҳаллаларнинг ёшлар етакчилари иштирок этади. Семинар якунида сектор координаторларидан ташкил топган ва ушбу ёшлар етакчиларидан захира кадрларни шакллантириш ҳам режа қилинган.
А.Мусаев, ЎзА мухбири