Ёшлар диплом билан бирга тайёр амалий кўникма ва кафолатланган иш ўрнига эга бўлишади
Президент ташаббуслари – амалда
У коллежда ўқишни тамомлади ва катта умидлар билан маҳалласига яқин бир корхонага иш излаб борди. Корхона раҳбари битирувчи билан яхши гаплашди. Уларга замонавий ускунада ишлай оладиган тайёр ходим кераклигини айтди.
Шунда коллежда берилган назарий билимлар амалиёт учун етарли эмаслиги аниқ бўлди. Афсуски, ўз мутахассислиги бўйича иш тополмай қийналаётган мана шундай дипломли ёшлар сони оз эмас. Яқин-яқингача пайдо бўлиб турган бундай ҳаётий муаммонинг сабаби нимада эди?
Бунинг замирида анъанавий касбий таълим ва реал иқтисодиёт ўртасидаги узилиш ётади. Бугун одамлар жуда тез ва шиддат билан ўзгараётган замонда яшаяпти. Кечагина талаб юқори бўлган касблар бугун ўз қимматини йўқотмоқда. Уларнинг ўрнини сунъий интеллект тизимлари, “яшил” энергетика ва замонавий логистика каби мутлақо янги соҳалар эгалламоқда. Аммо эски касб-ҳунар ўргатиш тизими бу шиддатли ўзгаришларга тез мослаша олмайди. Бунинг бир қанча сабаблари бор.
Аввало, янги йўналишни очиш учун ўқув дастурлари яратилиши керак. Бу жараён маълум вақтни олади. Оқибатда қайсидир дастур тасдиқлангунча меҳнат бозоридаги талаб яна ўзгариб кетади.
Шунингдек, моддий-техник базанинг арзон эмаслиги ва малакали педагоглар танқислиги бу борадаги ҳар бир ислоҳот осон кечмаслигини англатади.
Ана шу муаммоларга оқилона ечим сифатида мамлакатимизда мутлақо янгича таълим сиёсати олиб борилмоқда. Ҳудудларда илғор касбий маҳорат техникумлари ташкил этила бошланди.

Бунда таълим муассасалари шунчаки давлат бюджетига эмас, балки бевосита завод ва корхоналарнинг реал эҳтиёжига боғланмоқда. Дуал таълим тизими ва иш берувчилар билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик туфайли янги ўқув курслари йиллаб эмас, балки бир неча ҳафта ичида йўлга қўйилади. Бу ёндашув таълим тизимини тўлиқ иш берувчилар талабларига мослаштириш имконини беради.
Бу борадаги энг ёрқин амалий мисоллардан бири Урганч шаҳрида ташкил этилган Хоразм илғор касбий маҳорат техникумидир. Президент Шавкат Мирзиёев августь ойида ушбу муассаса фаолияти билан шахсан танишган эди.
– Урганчдаги замонавий муассасани барпо этиш учун давлат бюджетидан 72,4 миллиард сўм ажратилди, – дейди Касбий таълим агентлиги директори Ўткир Алижонов. – Аҳамиятлиси, 5 гектардан ортиқ майдонда 1 минг 100 ўринли иккита ўқув биноси, 300 ўринли ётоқхона, спорт зали, 200 ўринли ошхона ҳамда замонавий жиҳозланган иккита ўқув устахонаси қурилди. Муассасада Германия, Швейцария, Буюк Британия, Хитой ва Жанубий Корея каби ривожланган давлатларнинг илғор таълим дастурлари жорий этилди. Қувонарлиси, ёшлар келажагига дахлдор бу лойиҳа давлат раҳбари эътиборида. Президентимиз бу ерга ташриф буюрганларида ёшларни замонавий меҳнат бозори талаб қилаётган касбларга сифатли ўқитиш, таълим дастурларини иш берувчилар эҳтиёжига мослаштириб бориш ва бундай тажрибани бошқа ҳудудларда ҳам кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.
Ушбу техникумда жорий ўқув йили учун 11 та касб йўналиши бўйича 200 нафар иқтидорли ёш имтиҳон асосида саралаб олинди. Таълим жараёни иш берувчилар билан биргаликда ташкил этилмоқда. Бу эса битирувчиларнинг эгаллаган касби бўйича дарҳол иш билан таъминланишига кафолат беради. Энг аҳамиятлиси, бу техникум нафақат ўз ўқувчилари учун, балки Хоразм вилоятидаги бошқа касбий таълим муассасалари учун ҳам марказий амалий база вазифасини ўтайди. Ҳудуддаги бошқа муассасаларнинг қарийб 4 минг 300 нафар ўқувчиси ушбу устахона ва лабораторияларда амалиёт ўташ имкониятига эга бўлади.
Техникум ҳудудида ташкил этилган Касблар шаҳарчаси эса алоҳида эътиборга лойиқ. Бу ерда ёшларнинг қизиқиши ва қобилиятини барвақт аниқлаш, уларни тўғри касбга йўналтириш учун барча шароит яратилган. “Ўзинг ясаб кўр” тамойили асосида ўқувчилар турли замонавий ускуналарда бевосита ишлаб, амалий кўникмалар ҳосил қилади. Шаҳарчада транспорт ва логистика, саноат ва қурилиш, сервис, қишлоқ хўжалиги ҳамда “яшил” энергетика каби талаб юқори бўлган йўналишлар қамраб олинган. Бу ерда касбга йўналтиришдан тортиб, бандликни таъминлашгача бўлган ягона тизим йўлга қўйилган.
[gallery-31115]
– Шу пайтгача хаёлимда қайсидир касбни танлаш бўйича аниқ бир режа йўқ эди, – дейди Касблар шаҳарчасига қатнай бошлаган ўқувчилардан бири Жасурбек Худойназаров. – Бу ерга келиб, ҳамма тасаввурларим ўзгариб кетди. Мактабда физика ёки технология дарсида жараёнларни асосан доскада чизиб тушунтиришарди. Бу ерда эса замонавий дастгоҳлар ва иш қуролларини ўз қўлим билан ушлаб кўряпман. Баъзилар техникумда эскича пайвандлаш ёки калит билан мурват бурашни ўргатишади деб ўйлайди. Бу ерда асло ундай эмас экан. Қарасам, ҳаммаси компьютерлашган, 3D модель асосида ишлайдиган замонавий тизимлар. Масалан, мен боя қуёш панелларини бошқариш ва диагностика қилиш ускунасини ишлатиб кўрдим. Бу жуда ажойиб! Мактабни тугатиб, шу техникумга ҳужжат топшираман.
Шу каби илғор тажриба Андижон вилоятида ҳам муваффақиятли қўлланилмоқда. Андижон туманидаги “Ипак йўли” саноат зонаси ҳудудида “Андижон-Ҳуаня” халқаро техникуми ташкил этилди. Президентимиз яқинда Андижон вилоятига ташриф буюрганларида ҳам ушбу муассасада бўлган эди. Давлатимиз раҳбари техникумда яратилган шароитлар билан танишиб, ёшлар билан суҳбатлашганди.
Бу лойиҳанинг умумий қиймати 15 миллион долларни ташкил этади ва у тўлиқ хорижий инвестициялар ҳисобига амалга оширилди. Лойиҳа доирасида 150 та янги иш ўрни яратилди. Тўрт гектар майдонда 5 минг нафар ўқувчига мўлжалланган замонавий ўқув биноси қуриб битказилди.
Ушбу халқаро техникум тўқимачилик, машинасозлик, электротехника ва бошқа юқори технологияли соҳалар учун малакали кадрлар тайёрлайди. Муассасада жорий этилган дуал таълим тизими орқали ўқувчилар назарий билимларни техникумда олади, амалиётни эса саноат зонасидаги йирик корхоналарда ўтайди.
Кейинги босқичда бу ерда ётоқхона, лаборатория биноси, спорт майдончаси ва яшил ҳудуд барпо этилади. Жорий йилнинг июнь ойида ишга туширилган ушбу техникумда ҳозирда 210 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. 2030 йилга қадар йиллик қабулни 1 минг 800 нафарга, ўқувчилар сонини 4 минг нафарга, таълим йўналишларини эса 20 тага етказиш режалаштирилган.
Илғор касбий маҳорат техникумларининг ёшлар ҳаётига таъсири беқиёсдир. Авваллари ёшлар диплом олгач, иш излаб ойлаб сарсон бўлар эди. Бу уларда келажакка бўлган ишончсизликни келтириб чиқарарди. Янги тизим эса ёшларга ўқиш давридаёқ реал ишлаб чиқариш муҳитини ҳис қилиш, замонавий ускуналарни бошқариш ва муносиб даромад келтирадиган касбни эгаллаш имконини беради. Ёшлар диплом билан бирга тайёр амалий кўникма ва кафолатланган иш ўрнига эга бўлишади.
Мамлакат иқтисодиёти учун бу ёндашув жуда катта дивиденд келтиради. Аввало, корхоналар янги ходимни қайта ўқитиш учун қўшимча вақт ва маблағ сарфламайди. Ишлаб чиқариш узилмайди, самарадорлик ва маҳсулот сифати ортади.
Шунингдек, хорижий ва маҳаллий инвесторлар учун малакали ишчи кучи мавжудлиги энг муҳим омиллардан биридир. Андижондаги лойиҳа каби хорижий сармояларнинг кириб келиши ҳам айнан шундай замонавий кадрлар тайёрлаш кафолати билан бевосита боғлиқдир.
Бундай муваффақиятли тажрибани Қорақалпоғистон Республикаси ва мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам босқичма-босқич ёйиш режалаштирилгани эътиборга молик. Ёшларнинг меҳнат бозорида муносиб ўрин эгаллаши ва иқтисодиётнинг малакали ўрта бўғин мутахассислари билан таъминланиши барқарор тараққиётнинг мустаҳкам пойдеворидир.
Икром АВВАЛБОЕВ,
Носиржон ҲАЙДАРОВ(сурат),
ЎзА мухбирлари