Ёши улуғлар “Стол тенниси”да баҳслашди
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Бухоро вилояти бўлими томонидан “Кексалар ҳафталиги” доирасида Когон тумани Б.Нақшбанд маҳалла фуқаролар йиғини Янгийўл қишлоғида яшовчи 67 ёшли Дилбар ая Чориева ҳолидан хабар олинди.
Иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган Дилбар аянинг анча пайтдан буён ушалмай келаётган истаги амалга ошди. Онахонга Фонд томонидан ногиронлик аравачаси ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари берилди.
– 1973 йилдан 2005 йилгача қишлоқ хўжалигида ишчи бўлиб ишладим, – дейди Дилбар ая Чориева. – 2012 йилдан буён II-гуруҳ ногирониман, ногиронлик аравачасига муҳтож эдим. Биз кексаларга кўрсатилаётган бундай эътибор ва ғамхўрликлар учун раҳмат. Берилган ушбу аравача энди оғиримни енгил қилади. Жуда хурсандман.
Шунингдек, "Нуроний" жамғармаси вилоят бўлими, Туризм ва спорт бошқармаси ҳамда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Бухоро вилоят бўлими билан ҳамкорликда “Кексалар ҳафталиги” доирасида спортнинг “Стол тенниси” тури бўйича вилоят биринчилиги ўтказилди.
Туман ва шаҳар босқичларида ғолиб бўлган кекса отахон ва онахонлар вилоят биринчилиги учун ўзаро беллашди.
Мусобақа ҳакамлар томонидан баҳолаб борилди.
Натижаларига кўра, эркаклар ўртасидаги баҳсларда фахрли I ўринни Ҳусен Нарзиев, II ўринни Собир Ражабов ҳамда III ўринни Саиджон Ортиқов ва Фарҳод Чориев қўлга киритди. Аёллар ўртасида кечган баҳсларда I ўринни Людмила Рашидова, II ўринни Дилбар Шукурова ҳамда III ўринни Тамара Жукова эгаллади.
Мусобоқада ғолиб бўлган кексаларга “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг эсдалик совғалари топширилди.


Зариф Комилов, ЎзА