“Ёш ватанпарварлар» аниқланди
Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармасига қарашли ҳарбий қисмда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири кубоги учун “Ёш ватанпарварлар” ҳарбий-спорт мусобақасининг шаҳар босқичи бўлиб ўтди.
9 апрель – Амир Темур тавалуддининг 685 йиллиги муносабати билан шаҳар мудофаа ишлари бошқармаси, шаҳар “Ватанпарвар” ташкилоти ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу мусобақада туман босқичларида юқори натижаларга эришган жамоалар иштирок этиб, “Моҳир мерган”, “Ҳарбий эстафета”, “Жабрланувчига биринчи ёрдам кўрсатиш”, “Сафда қўшиқ айтиш” ва “Темур тузуклари билимдони” шартлари бўйича ўзаро беллашди.

Мусобақани ташкил этишдан асосий мақсад ўқувчи-ёшларни ҳарбий-амалий спорт мусобақаларига кенг жалб этиш орқали бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, ўзаро маданий-спорт алоқаларини йўлга қўйиш, дастлабки ҳарбий ва психологик тайёргарликка эга, буюк аждодларимиз каби мард, жасур, ҳалол, жисмонан бақувват, билимли, кенг дунёқарашли, ватанпарвар, масъулиятли, қийин ва экстремал вазиятларда тўғри ҳаракатланиш кўникмаларини эгаллаган баркамол авлодни тарбиялашдан иборатдир.
Мусобақада фахрли биринчи ўринни Учтепа тумани жамоаси қўлга киритди. Иккинчи ўринга Чилонзор тумани жамоаси сазовор бўлган бўлса, учинчи ўрин Янгиҳаёт тумани жамоасига насиб этди.

Ғолиб ва фаол иштирокчилар диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Файзулло Яҳёев, ЎзА