Ёш теннисчиларимиз халқаро турнир бош соврини учун ўйнайди
Фарғона шаҳрида ўсмирлар ўртасида теннис бўйича J100 тоифасига кирувчи халқаро турнирда теннисчиларимизнинг муваффақиятли иштироки давом этмоқда.
Дунёнинг ўнга яқин мамлакатидан ташриф буюрган ёш теннисчилар иштирокидаги мусобақанинг ўғил болалар ўртасидаги жуфтлик баҳсларида ҳамюртимиз Данила Квасов ва Маҳмудбек Бекназаров дуэти финал остонасида япониялик Кодай Абе ва Сота Кагавани 0:6, 6:4, 11:9 ҳисобида таслим этди.
Яна бир ҳамюртимиз Абдураҳмон Каримов эса тожикистонлик Сомон Амонов билан жуфтлик ҳосил қилиб, ярим финалда ҳиндистонлик Арад Якшитиж ҳамда польшалик Юлиуш Станьчик 6:4, 6:3 ҳисобида мағлубиятга учратди.
Шу тариқа, ушбу икки ғолиб жуфтлик – Данила ва Маҳмудбек, Абдураҳмон ҳамда Сомон Халқаро теннис федерацияси томонидан ташкил этилаётган мусобақанинг бош соврини учун ўйин ўтказадиган бўлди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА