Ёш таэквондочилар беллашмоқда
Пойтахтимиздаги “Универсал” спорт мажмуасида анъанавий таэквондо бўйича ёшлар, ўсмирлар ва катталар ўртасида Ўзбекистон чемпионати баҳслари бошланди.
Чемпионатнинг очилиш маросими спорт байрамига айланиб кетди. Ёш таэквондочиларнинг кўргазмали чиқишлари, “Шарқ юлдузлари” ансамбли санъаткорларининг дилтортар қўшиқ ва рақслари мусобақалар олдидан йиғилганларга бир олам завқ бағишлади.

Очилиш маросими давомида мамлакатимизда яккакураш спорт турлари ривожи, хусусан таэквондони оммалаштиришга қўшган ҳиссаси учун бир гуруҳ фидойи инсонлар муносиб тақдирланди. Улар орасида икки карра Олимпия ўйинлари ғолиблигига эришган Улуғбек Рашитовнинг устози Павел Хан ҳам рағбатлантирилди.
-Чемпионатда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан 400 нафарга яқин спортчилар ғолиблик учун кураш олиб бормоқда. Ушбу биринчилик орқали халқаро мусобақаларда ватанимиз шарафини ҳимоя қиладиган миллий терма жамоаларни шакллантириб олишни мақсад қилганмиз,-дейди Ўзбекистон анъанавий таэквондо федерацияси раиси Ғайрат Қосимов.

Мусобақанинг илк кунида кичик ўсмирлар ва ўсмирлар ўртасида ғолиб ва совриндорлар аниқланди. Ўтказилган баҳсларда Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Андижон вилояти вакиллари совринли ўринларга эгалик қилишди.

Мусобақалар доирасида Ўзбекистон ва Қозоғистон таэквондочилари ўртасида комбат таэквондо бўйича ўтган ўртоқлик учрашуви халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Ўзбекистон чемпионати баҳслари давом этмоқда.
Т.Рўзиев, ЎзА