Ёш стратеглар ўзаро тажриба алмашди
Қизилтепа туманидаги “Тўдакўл” дам олиш маскани ҳудудида жойлашган Халқаро шахмат мактабида “Навоий кон-металлургия комбинати”АЖ, Россия Фанлар академиясининг хорижий аъзоси, Москва давлат университети профессори, иқтисодиёт фанлари доктори Владимир Квинтнинг ёш стратеглар мактаблари, Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети ҳамкорлигида ёш стратеглар V халқаро анжумани ўтказилди.
Унда Москва давлат университети етакчи профессорлари, Россия ҳамда Ўзбекистоннинг бир қатор университет, лицей ва мактабларининг ёш стратеглари ҳамда олимлари иштирок этди.
Тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Атроф-муҳит масалалари бўйича маслаҳатчиси – Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев, “НКМК” АЖ Бошқаруви раиси – Бош директори Қувондиқ Санақулов, Россия Фанлар академиясининг хорижий аъзоси, Москва давлат университети профессори Владимир Квинт, Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги директори Шарифбек Ҳасанов ҳамда Москва давлат университети профессори Ирина Новиковаларнинг бугун стратегик билимларга эга ёш авлодни тарбиялашнинг аҳамияти ҳақидаги фикр-мулоҳазалари тингланди.
– Владимир Квинтнинг ёш стратеглар мактаблари ўз атрофига кўплаб истеъдодли ёш стратегларни бирлаштириб, уларни тарбиялаш, фикрлаш ва етакчилик фазилатларини шакллантириш, жамоа билан ишлаш кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қилмоқда, – дейди Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети ректори Бахтиёр Мардонов. – Бугун ўтаётган тадбирдан ҳам ана шу мақсад кўзланган. Бизнинг университетимиз қошида ҳам худди шундай мактаб фаолият олиб бормоқда. Айни пайтда ҳамкорликда ўтаётган анжуман ҳам турли мамлакатлардан келган ўқувчи ва педагоглар учун ўзаро фикр-мулоҳаза, тажриба алмашиш, стратегик лойиҳаларни муҳокама этиш ва келгуси режаларни белгилашда очиқ мулоқот майдонига айланди.
Анжуман кун тартиби семинар-тренинглар билан давом этиб, якунда барча иштирокчиларга сертификатлар тақдим қилинди. Шунингдек, бир гуруҳ иштирокчиларга Владимир Квинтнинг ёш стратеглар мактаблари ва Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетининг фахрий ёрлиқлари ҳамда ташаккурномалари топширилди. “Фарҳод” маданият саройи хонандаларининг концерт дастури барчага хушкайфият улашди.
– Москва давлат университети ҳузуридаги Иқтисодиёт мактаби, хусусан, профессор Владимир Квинт ва бошқа олимлар билан яқин ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз, – дейди Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетининг “Минтақавий ва корпоратив стратегиялар” кафедраси мудири Кристина Чекулаева. – Кафедрамиз негизида ташкил этилган ёш стратеглар мактабида машғулотлар мунтазам олиб борилмоқда. Ҳамкорликда ўтган навбатдаги анжуманимизда ёш стратегларнинг яшил иқтисодиёт соҳасида бугунги кунда устуворлик касб этаётган ушбу йўналишда амалий таклиф ва лойиҳалар ишлаб чиқиш борасидаги билимларини мустаҳкамлашга қаратилди.
– Анжуманда ғоя ва ташаббусларимиз кенг муҳокама қилинди, – дейди НДКТУ академик лицейи ўқувчиси Лола Қаландарова. – Ҳар бир учрашув ва семинарларда ёшларнинг ўзига ишонч, стратегик фикрлаш кўникмаларини оширишга ҳаракат қилинди. Келажакда иқтисодиёт соҳасида хорижда таълим олмоқчиман. Умуман, стратегия назарияси ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида зарур, деб ҳисоблайман. Шунинг учун, лицейимизда ташкил этилган ёш стратеглар мактаби фаолиятида мунтазам қатнашиб келяпман.
[gallery-28865]
Анжуман доирасида иштирокчилар Бухоро ихтисослашган “Жайрон” питомниги ва Бухоро шаҳрига саёҳат қилди. Уларга қўриқхона фаолияти, ёшларнинг экология соҳасидаги стратегик лойиҳалари, юртимизнинг бой тарихи ва аждодларимизнинг бебаҳо мероси ҳақида маълумотлар берилди.
– Ҳам саёҳат қиляпмиз, ҳам стратегик соҳадаги билимларимизни оширяпмиз, – дейди Россиянинг Кемерово шаҳридаги Ёш стратеглар мактаби ўқувчиси Ульяна Герасимова. – Эртаклардагидек қадимги шаҳарга илк бор келишим, у менда бир олам таассурот қолдирди. Ўзбек халқининг буюк тарихини ўрганиш ва уни тенгдошларимга тарғиб қилишни мақсад қилдим.
Тўдакўлнинг сўлим табиати, Қизилқум кенгликларида жойлашган табиат мўъжизалари ва замонавий объект – Халқаро шахмат мактабидаги қулай шарт-шароитлар ҳамда уч кунлик тадбир дастури ёшларда унутилмас таассуротлар қолдирди. Мазкур лойиҳа уларда стратегик фикрлаш кўникмаларини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари