Ёш сиёсий етакчилар Қонунчилик палатасига ташриф буюрди
«Юксалиш» ҳаракати ва Германиянинг Конрад Аденауэр жамғармаси томонидан ташкил этилган «Марказий Осиё ёш етакчилари» минтақавий дастури ўз ишини бошлади.
Унда Марказий Осиё мамлакатлари ҳамда Озарбайжон Республикасидан келган ёш сиёсатчилар ва экспертлар минтақа ёшлари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ҳамда ўзаро тажриба алмашиш масалаларини муҳокама қилмоқда.
Ушбу дастур доирасида меҳмонлар Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ҳам ташриф буюрди. Қуйи палата Спикери ўринбосари Раҳимжон Ҳакимов ёш сиёсатчилар билан учрашиб, мамлакатимизда ёшлар сиёсати доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берди.

Қайд этилганидек, юртимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, салоҳиятини рўёбга чиқариш, давлат бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш, уларнинг таълим олиши, касб эгаллаши, бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлик ташаббусларини рўёбга чиқариш борасида бир қатор саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Маҳаллаларда ёшлар етакчилари институти жорий этилиб, ёшларнинг муаммолари ўрганилмоқда ва жойида ҳал этилмоқда. Фаол ва ташаббускор йигит-қизларнинг ғояларини рўёбга чиқаришда амалий ёрдам кўрсатилмоқда.

Мулоқот давомида Қонунчилик палатасининг фаолияти ва ёшларнинг қонун ижодкорлигидаги иштирокига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларни қонунчилик жараёнларига жалб этиш ва келажакдаги сиёсий етакчиларни шакллантиришда муҳим институт бўлаётгани таъкидланди.
Шунингдек, учрашувда минтақа ёшлари ўртасида ўзаро ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш, дўстона алоқаларни ривожлантириш, парламентлараро алоқаларни жадаллаштириш ҳамда ёш етакчилар ўртасида тажриба алмашиш масалалари ҳам муҳокама қилиниб, қатор фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА