Ёш шахматчиларимиз Хитойда Осиё чемпионатида қатнашмоқда
Шу кунларда Хитойда шахмат бўйича 8, 10, 12, 14, 16 ва 18 ёшгача бўлган ўғил ва қиз болалар ўртасида Осиё чемпионати баҳслари бўлиб ўтмоқда.
28-бор ташкил этилаётган мазкур қитъа чемпионатида 31 мамлакатнинг 900 нафардан ортиқ ёш шахматчилари қаторида Ўзбекистон терма жамоасининг 21 нафар аъзоси ўз ёш тоифаларида дона сурмоқда.
Бугун, 21 июль куни ўтказилган 6-тур ўйинларидан кейин Ўзбекистон терма жамоасининг 6 нафар аъзоси совринли ўринларга даъвогарликни давом эттирди.

Шунингдек, 12 ёшлилар ўртасида Исломбек Ҳусанов 5 очко билан 131 нафар иштирокчи орасида қўшимча кўрсаткичларга кўра 4-ўринни, Билолиддин Одилов 14 ёшгача бўлганлар ўртасида 4,5 очко билан 7, Мадинабону Асадова 10 ёшли қизлар ўртасида 5 очко билан 2, Моҳинур Ҳикматхонова 16 ёшли қизлар ўртасида 4 очко билан 7, Мумтозбегим Мансурова 18 ёшгача бўлганлар ўртасида 4 очко билан 8-поғонада ҳаракатланмоқда.
Эртага, 22 июль куни қитъа биринчилиги рапид йўналишидаги мусобақаларнинг сўнгги 7-тур ўйинлари ташкил этилади.

Ушбу турда иқтидорли шахматчимиз Нурмуҳаммад Неъматиллахонов қора доналарда қозоғистонлик Адинур Адилбек билан, Исломбек Ҳусанов ҳиндистонлик Мондал Оишиқ билан, Билолиддин Одилов қора доналарда хитойлик Ванг Зекаи билан, Мадинабону Асадова Қозоғистон вакили Аделина Нурхан қизи билан, Моҳинур Ҳикматхонова Мўғулистон, Мумтозбегим Мансурова Қозоғистон вакили билан баҳс олиб боради.

Эслатиб ўтамиз, 7 та турдан иборат рапид мусобақалари эртага якунланса, 23-24 июль кунлари 9 та турдан иборат блиц ўйинлари ўтказилади.
Т.Рўзиев, ЎзА