Ёш посбонлар ваъда беришди
Бугун мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Наманган шаҳридаги “Уч фаввора” хиёбонида умумтаълим мактаблари негизида ташкил этилган “Жасорат мактаби” ўқувчилари иштирокида тантанали ваъда бериш маросими ўтказилди. Ватанга муҳаббат ва фидойилик хислатларини ўзида ифода қилган мазкур тадбирда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари, ҳокимликлар ва таълим муассасалари мутасаддилари ҳамда нуронийлар, ота-оналар иштирок этишди.
Тадбирда сўз олганлар ёш авлодни Ватанга садоқат руҳида, жисмонан соғлом ва маънавий баркамол инсонлар қилиб тарбиялашда “Жасорат мактаб”ларининг аҳамияти катта эканлигини таъкидлашди.
Ўқувчилар мамлакатимиз байроғи остида Янги Ўзбекистонга муносиб фарзандлар бўлиш, замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаш, интизомга риоя қилиш ва юрт тинчлигини қадрлашга тантанали равишда ваъда бердилар.
Тадбирда Чортоқ туманидаги 9-сонли умумтаълим мактабининг иқтидорли ўқувчилари фаоллиги билан ажралиб турди. “Жасорат мактаби” номини олган ушбу илмгоҳда бугунги кунда 5,6-синфларда ўқиётган 52 нафар ўқувчи ҳарбийликка тайёргарлик кўникмаларини ўзлаштиришмоқда.
Уй бекаси Ойсара Жўрабоеванинг тўнғич фарзанди айни пайтда Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида жойлашган, Мудофаа вазирлигига қарашли ҳарбий қисмда шартнома асосида фаолият юритмоқда. Зобит акаси Жасурга ҳавас қилган кичик сингил Ойша Абдуллажонова кўплаб номзодлар орасида синовлардан сабот ва билими билан муваффаққиятли ўтиб, “Жасорат мактаби”нинг 5-синфида ўқимоқда. Унинг орзуси келажакда ҳарбий бўлиб, генерал унвонигача кўтарилиш.
Вилоят мудофаа ишлари бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, подполковник Исмоил Ўринбоевнинг маълум қилишича, Наманганда ҳозирда 14 та “Жасорат мактаби” фаолият олиб бориб, уларда 728 нафар ўғил-қиз таълим-тарбия олмоқда. Яқинда бошланган ўқув йилида 364 ўқувчи қабулига ҳар бир ўрин учун саккиз нафар даъвогар беллашганлигини алоҳида айтиб ўтиш даркор.
Жасорат синфларини аъло баҳолар билан тамомлаган ҳар бир “Ватан таянчи” отрядининг аъзоси бўлган бир нафар ўқувчига Мудофаа вазирлиги томонидан белгиланадиган танлаб олиш тартибига кўра, олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган ҳамда юридик олийгоҳларга ўқишга кириш учун имтиёзли тавсиянома тақдим қилинади.
[gallery-32004]
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА мухбирлари