Ёш парламентарийлар Самарқанд форуми – дунё ёшларини бирлаштирадиган халқаро майдон бўлади
Ўзбекистон Президенти Парламентлараро иттифоқнинг Ёш парламентарийлар XII глобал конференциясини Самарқанд шаҳрида ўтказиш ташаббусини илгари сурган. Шу асосда жорий йил 4-6 сентябрь кунлари мазкур йирик халқаро тадбирни ташкил этишга оид ишлар қизғин давом этмоқда.
Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги Ёшлар парламенти раиси Лайло Асланова билан ёшларнинг жамиятда, парламентда тутган ўрни, халқаро ҳамкорлик, Самарқанд форуми ҳақида суҳбатлашдик.
– Ёшлар – жамиятда кечаётган жараёнларнинг фаол иштирокчиси, янги ғоялар ташаббускори, қарорлар қабул қилинишига таъсир кўрсата оладиган катта кучга айланиб бормоқда. Шу боис, ёшларнинг сиёсий жараёнларда, айниқса парламент фаолиятида иштирокини кенгайтириш масаласи дунё миқёсида тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бу масаланинг нақадар долзарб эканини рақамларнинг ўзи кўрсатади. Парламентлараро иттифоқнинг 2026 йилда эълон қилинган маълумотларига кўра, дунё аҳолисининг қарийб ярмини 30 ёшгача бўлганлар ташкил этса-да, миллий парламентлардаги 30 ёш ва ундан кичик депутатлар улуши бор-йўғи 2,8 фоиз. Дунё парламент палаталарининг 37,1 фоизида эса 30 ёшгача бўлган бирорта ҳам парламент аъзоси йўқ.
Бу рақамлар ёшларнинг сиёсий вакиллиги масаласи ҳали ҳам глобал кун тартибида турганини кўрсатади.

– Ўзбекистонда ёшларни парламент фаолиятига жалб этиш қандай йўлга қўйилган?
– Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ташкил этилган бўлиб, унинг таркиби 100 нафар йигит ва қиздан иборат. Уларнинг 84 нафари ҳудудлардаги маҳаллий кенгашлар орқали, 16 нафари эса ёшлар билан ишлаш тизими орқали шакллантирилган.
Ёшлар парламентининг асосий вазифаси – ёшларнинг муаммо ва таклифларини парламент кун тартибига олиб чиқиш, уларни қонун ижодкорлиги жараёнига жалб қилиш ҳамда қабул қилинаётган қарорларга ёшлар нуқтаи назарини киритишдир.
Ёшлар парламенти аъзолари қонун лойиҳалари муҳокамасида, қонунларнинг ҳудудларда ижро этилишини ўрганишда, парламент назорати ва таҳлилий тадбирларда, ёшлар билан очиқ мулоқотларда иштирок этмоқда. Таълим, бандлик, тадбиркорлик, экология, рақамлаштириш, гендер тенглик, соғлом турмуш тарзи, ҳуқуқий маданият каби йўналишларда ёшларнинг фикрлари ўрганилиб, тегишли давлат идораларига таклифлар киритилмоқда.
Менимча, Ёшлар парламентининг энг катта аҳамияти ҳам шунда: у ёшларга тайёр қарорни етказиб бериш эмас, балки уларнинг ўзини қарор ишлаб чиқиш жараёнига олиб кириш имконини беради.

– Ёшлар парламенти фаолиятида халқаро ҳамкорлик қандай йўлга қўйилган?
– Бошқа давлатлардаги ёш парламентарийлар билан мулоқот – фақат тажриба алмашиш эмас, балки янги ғояларни қиёсий таҳлил қилиш, самарали механизмларни ўрганиш, мамлакатимиз тажрибасини дунёга кўрсатиш ва, энг муҳими, турли давлат ёшлари ўртасида ишонч муҳитини яратиш имкониятидир.
Ўзбекистон ёш парламент вакиллари турли халқаро парламент платформаларида иштирок этиб келмоқда. Жумладан, 2026 йил май ойида Санкт-Петербург шаҳрида ўтказилган МДҲ Ёшлар парламентлараро ассамблеяси йиғилишида Ўзбекистон Ёшлар парламенти вакиллари иштирок этди. Шу билан бирга, Беларусь ёш парламентарийлари билан ўзаро мулоқотлар, шунингдек Германия ёшлари билан ҳамкорлик йўналишидаги алоқалар йўлга қўйилмоқда.
Бундай учрашувларда бир нарса яққол намоён бўлади: дунёнинг турли мамлакатларида яшаётган ёшларнинг муаммолари кўп жиҳатдан ўхшаш. Сифатли таълим, муносиб иш ўрни, иқтисодий мустақиллик, уй-жой, рақамли хавфсизлик, экологик муаммолар, руҳий саломатлик, ахборот хуружлари, тенг имкониятлар ва давлат қарорларида ўз овозига эга бўлиш – булар бугун бир мамлакатгагина хос масалалар эмас.
Шу маънода “ёшлар парламент дипломатияси” деган тушунча тобора аниқ мазмун касб этмоқда. Ёшлар ўртасида мулоқот умумий муаммолар атрофида бирлашиш ва ўзаро ишончни шакллантириш барқарор муносабатлар учун муҳим пойдеворга айланмоқда.

– Ёш парламентарийлар XII глобал конференциясига қандай тайёргарлик кўрилмоқда? Форум қандай аҳамиятга эга бўлади?
– Ёш парламентарийлар XII глобал конференциясининг Ўзбекистонда ўтказилиши мамлакатимизда ёшларни давлат ва жамият бошқарувига жалб этиш бўйича шаклланган тажрибанинг халқаро миқёсда эътироф этилаётганидан далолат беради.
Форумнинг бу йилги асосий мавзуси — мураккаб ва зиддиятли даврда инсон ҳуқуқлари, адолат ва инсон қадр-қимматини таъминлашда ёш парламентарийларнинг ролига бағишланади.
Форумнинг бу галги мавзуси ҳам тасодифий эмас. Бугун дунё турли геосиёсий зиддиятлар, қуролли можаролар, ижтимоий тенгсизлик, ахборот таҳдидлари ва инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ мураккаб жараёнларни бошдан кечирмоқда. Бундай шароитда парламентлар фақат қонун қабул қилувчи институт сифатида эмас, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи, ижтимоий адолатни таъминловчи ва жамиятдаги турли қатламлар овозини сиёсий қарорларга олиб кирувчи механизм сифатида ҳам катта масъулиятга эга.
Ёш парламент аъзоларининг бу жараёндаги ўрни эса алоҳида. Чунки айнан ёш авлод технологиялардаги ўзгаришларни, меҳнат бозорининг янги талабларини, иқлим муаммоларини, сунъий интеллект ва рақамли муҳит билан боғлиқ хавфларни, таълим ва имкониятлардаги тенгсизликни кундалик ҳаёти орқали кўради.
Шунинг учун Самарқанд конференциясидан кутилаётган энг муҳим натижа, менимча, турли мамлакатлардаги ёш парламентарийлар ўртасида доимий ҳамкорлик тармоғининг кучайиши, бир-бирининг қонунчилик амалиётини ўрганиш ва қўшма ташаббусларни илгари суриш учун янги механизмларнинг пайдо бўлишидир.
Форум Ўзбекистон учун ўз тажрибасини халқаро ҳамжамиятга тақдим этиш имкониятидир. Ёшлар парламенти, маҳаллий кенгашлар ҳузуридаги ёшлар тузилмалари халқаро тадбирга катта тайёргарлик кўрмоқда.
Ўзбекистонга келган ёш парламентарий мамлакатимиз ҳақида фақат расмий маълумот эшитиб кетмаслиги, балки бу ердаги ёшларнинг фикри, мақсади ва салоҳиятини кўриши керак. Ўз навбатида, ўзбекистонлик ёшлар ҳам дунёнинг турли мамлакатларидан келган ёш сиёсатчилар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш, уларнинг тажрибасини ўрганиш ва уларга ўз ғояларини тақдим этишга ҳозирлик кўрмоқда.
Дунё ёш парламент аъзолари Самарқанд форуми – ёшларни бирлаштирадиган муҳим халқаро майдон вазифасини бажаради.
ЎзА мухбири Норгул Абдураимова суҳбатлашди.