Ёш олимлар Тошкентда жам бўлди (+видео)
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида 58-Халқаро кимё олимпиадасининг энг муҳим ва масъулиятли босқичларидан бири — амалий имтиҳон бўлиб ўтди. Марказий Осиё тарихида илк бор ушбу нуфузли олимпиадага Ўзбекистон мезбонлик қилди.
Дунёнинг 90 дан ортиқ давлатидан келган 1000 нафарга яқин иқтидорли ёш кимёгар замонавий лабораторияларда тажриба ўтказиш маҳорати, таҳлилий фикрлаш ва амалий кўникмаларини намойиш этди. Ўзбекистон Миллий университетида ташкил этилган лаборатория синовлари халқаро стандартлар асосида юқори савияда ўтказилиб, иштирокчиларнинг билим, илмий салоҳият ва амалий тайёргарлиги баҳоланди.
Ушбу халқаро олимпиада Ўзбекистонда таълим, илм-фан ва ёшлар сиёсати соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий натижасини намоён этмоқда. Бундай нуфузли тадбирга мезбонлик қилиш мамлакатимизда илм-фанга берилаётган эътиборнинг яна бир ёрқин ифодасидир.
Бундай олимпиадалар ғолибларни аниқлаш билан чекланмайди. Улар турли мамлакатлардан келган иқтидорли ёшларни бир майдонга жамлаб, илм-фан орқали дўстлик, тажриба алмашиш ва ҳамкорлик муҳитини шакллантиради. Эртанги куннинг буюк олимлари, ихтирочилари ва тадқиқотчилари айнан шундай майдонларда ўз иқтидорини намоён қилади. Илмга сармоя киритган давлат эса келажагига сармоя киритган ҳисобланади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/sCy2bkTR60M" title="Yosh olimlar Toshkentda jam bo‘ldi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Н.Раҳмонова,
С.Обиджонов (монтаж), ЎзА