Ёш иқтидор эгалари сараланди (+видео)
Наманган вилояти мусиқали драма театрида “Турон” театр мактаби республика танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан вилоят маданият бошқармаси билан ҳамкорликда ўқувчиларни миллий қадриятлар руҳида тарбиялаш, эртамиз эгаларининг маънавий дунёқарашини бойитиш, ақлий салоҳиятини юксалтириш ҳамда театр санъатига бўлган қизиқишини ошириш мақсадида умумтаълим мактаблари театр жамоалари ўртасида ўтказилаётган танловнинг вилоят босқичида саралаш ва ҳудудий босқичларда 5 минг 700 дан зиёд ўқувчи ичидан ғолиб чиққан 14 жамоанинг 112 нафар бўлажак актёри маҳоратини намоён қилди.
Тадбирнинг тантанали очилишида Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Ғуломжон Муродхўжаев, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги масъул ходими Муҳаммаджон Комилжонов таъкидлаганидек, мазкур танловни Президентимизнинг Андижон вилоятига ташрифи чоғида берилган топшириғи ижросини таъминлаш мақсадида умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ҳам ташкил этиш йўлга қўйилди.
[gallery-17173]
– Талантли ўқувчиларнинг ижодий салоҳиятини рўёбга чиқаришда муҳим ўрин тутадиган танлов Наманганда қизғин руҳда ўтди, – дейди танлов ҳакамлар ҳайъати раиси, “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишони соҳиби, таниқли сўз устаси Валижон Шамшиев. – Иштирокчи жамоалар таништирув, савол-жавоб ва саҳнага чиқиш шартлари бўйича беллашиб, унда ўқувчиларнинг ижодий салоҳияти, иқтидори яққол ифодасини топди. Буюк сиймолар, ёзувчиларнинг асарларида ифода этилган қаҳрамонлар образлари саҳна орқали маҳорат билан гавдалантирилиб, ижро этилган ҳар бир роль томошабинларнинг олқишларига сазовор бўлди. Мактаб театр жамоаларининг чиқишларини кузатиш асносида ёшлар орасида театр санъатига қизиқувчи, маҳоратли ёш иқтидор эгалари бисёр эканлигини кўриб, беҳад хурсанд бўлдик.
Танловнинг якуний натижаларига кўра, Наманган шаҳридаги 31-сонли умумтаълим мактабининг “Ибрат издошлари” театр жамоаси ғолибликни қўлга киритиб, танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олди. Иккинчи ўринни Учқўрғон туманидаги 21-сонли умумтаълим мактабининг “Юксалиш” жамоаси эгаллади. Учинчи ўрин эса Давлатобод туманидаги 52-сонли умумтаълим мактабининг “Ниҳол” жамоасига насиб қилди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/o6IZIwO3X48" title="Yosh iqtidor egalari saralandi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Танловнинг ғолиб ва совриндорлари, шунингдек, фаол иштирок этган театр жамоалари вилоят ҳокимлиги, Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан тақдирланди.
“Турон” театр мактаби Республика танловида ғолиб чиққан ёшлар бир ҳафта давомида Туркия бўйлаб саёҳатда бўлишади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири