Ёш ҳарбийлар билан маънавий-маърифий мулоқот ўтказилди
Мирзаобод туманидаги Сафарбарлик чақирув резерви батальонида ёш ҳарбий хизматчиларнинг маънавий дунёқарашини кенгайтириш, уларда тарихий хотира, Ватанга садоқат, миллий қадриятларга ҳурмат ва фуқаролик масъулияти туйғуларини мустаҳкамлаш мақсадида «Маърифат карвони» ойлиги доирасида «Маънавият кечаси» ташкил этилди.
Маънавий-маърифий тадбирда ёш ҳарбий хизматчиларга миллий тарихимизнинг мураккаб даврлари, аждодларимизнинг ҳаёти ва тақдири, халқимиз бошидан кечирган оғир синовлар ҳақида маълумотлар берилди. Тарихий хотирани асраш, миллий ўзликни англаш ва аждодлар меросини чуқур ўрганишнинг бугунги авлод тарбиясидаги аҳамияти хусусида фикр алмашилди.

Тадбир Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши, Мудофаа ишлари бошқармаси Фахрийлар кенгаши, Мудофаа вазирлиги Жамоатчилик кенгаши, Гулистон давлат университети қошидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейи, Республика Маънавият ва маърифат марказининг Мирзаобод туман бўлинмаси, Мирзаобод туман Фавқулодда вазиятлар бўлими ҳамда “Маърифат" тарғиботчилар жамияти вакиллари ҳамкорлигида ўтказилди.

Тадбир давомида тарих, маънавият, ватанпарварлик ва ҳаётий тажриба уйғунлигида очиқ мулоқотлар ташкил этилди. Суҳбатларда юртимиз тарихининг мураккаб даврлари, халқимиз бошидан кечирган оғир синовлар, тарихий хотирани асраш ва аждодлар меросини ўрганишнинг аҳамияти ҳақида фикр юритилди.

Айниқса, қатағон сиёсати ва унинг халқимиз тақдирига кўрсатган фожиали оқибатлари ҳақидаги маълумотлар ёшларда катта қизиқиш уйғотди. Гулистон давлат университети қошидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейи директори, тарих фанлари номзоди, доцент Ўғилой Эрбўтаева қатағон қурбонларининг ҳаёти ва тақдири, ўша давр воқеаларининг тарихий моҳияти ҳамда тарихий ҳақиқатни тиклаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берди. Шунингдек, «Ўлкада юритилган қатағонлик сиёсати оқибатлари» китобининг тақдимоти ўтказилди.

Тақдимот давомида ёш ҳарбий хизматчилар миллий тарихимизнинг мураккаб ва аччиқ саҳифалари, қатағон сиёсатининг халқимиз ҳаётига кўрсатган таъсири, тарихий ҳақиқатни ўрганиш ва уни келажак авлодга етказиш масъулияти ҳақида зарур тушунчаларга эга бўлди.

Учрашувда меҳнат фахрийси, ижодкор, шоир Жумабой Қосимовнинг иштироки ҳам тадбирга алоҳида мазмун бағишлади. У ёш ҳарбий хизматчилар билан самимий мулоқот қилиб, ҳаётий тажрибаси, меҳнат фаолияти ва ижодий изланишлари ҳақида сўзлади. Шоирнинг Ватанга муҳаббат, инсонпарварлик, фидойилик ва аждодлар хотирасини эъзозлашга чорловчи шеърий чиқишлари иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Давра суҳбатларида фахрийларнинг ҳаётий сабоқлари, “Маърифат" тарғиботчиларининг фикрлари ва ижодкорларнинг чиқишлари орқали ёшларнинг маънавий дунёқарашини бойитиш, уларда мустақил фикрлаш, юрт тақдирига дахлдорлик ва фуқаролик масъулиятини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, Мирзаобод туман Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи ўринбосари Фаррух Қайнаров томонидан «Қутқарувчилик — муқаддас бурч» мавзусида суҳбат ўтказилди. Унда инсон ҳаёти ва хавфсизлигини таъминлаш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, мураккаб ҳолатларда тезкор ва масъулиятли ҳаракат қилиш, қутқарувчилик касбининг шарафи ва масъулияти ҳақида сўз юритилди.

Тадбирда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши ҳарбий бўлим бошлиғи, капитан Фурқатжон Азимов, Мудофаа вазирлиги Жамоатчилик кенгаши етакчи мутахассиси, истеъфодаги подполковник Одил Муҳаммаджонов, Сирдарё вилояти Мудофаа ишлари бошқармаси Фахрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги майор Бурхон Абдуалимов, Республика Маънавият ва маърифат марказининг Мирзаобод туман бўлинмаси бош мутахассиси Гулжаҳон Холмуродова, “Маърифат" тарғиботчилар жамияти аъзоси Башорат Қодирова, ҳарбий хизматчилар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.«Маънавият кечаси» доирасидаги мулоқот ва тақдимотлар ёш ҳарбий хизматчилар учун нафақат тарихий билимларини бойитиш, балки Ватан, халқ ва юрт олдидаги бурчини чуқурроқ англаш имконини берди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири