Ёш дзюдочиларимиз Осиё очиқ кубогида 71 та медални қўлга киритди
Пойтахтимиздаги "Олимпия шаҳарчаси"да марҳум Учқун Муродов хотирасига бағишланган ўсмирлар ва ёшлар ўртасида дзюдо бўйича Осиё очиқ кубоги ўз якунига етди.
Тўрт кун давом этган “Cadet and Junior Asian Cup Tashkent 2026” мусобақасида дунёнинг 10 дан ортиқ давлатидан келган қарийб 1500 нафар иқтидорли спортчи ғолиблик учун баҳс олиб борди.
Қувонарлиси, мусобақанинг ҳар икки ёш тоифасида ҳам Ўзбекистон терма жамоалари мутлақ устунликни намоён этди. Жумладан, кадетлар терма жамоамиз 13 та олтин, 9 та кумуш ва 16 та бронза медални қўлга киритган бўлса, Искандар Расулов раҳбарлигидаги ёшлар терма жамоаси 9 та олтин, 9 та кумуш ва 15 та бронза медалга сазовор бўлди.
Шу тариқа, мамлакатимиз вакиллари мусобақани жами 22 та олтин, 18 та кумуш ва 31 та бронза, умумий ҳисобда эса 71 та медаль билан якунлаб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА