“Ёш чегарачилар” ҳарбий-ватанпарварлик мусобақасига старт берилди
Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Ёш чегарачилар” ҳарбий-ватанпарварлик мусобақасининг жорий йилги мавсуми кўтаринки руҳда бошланди. 15 йилдан буён ташкил этилаётган мазкур беллашувнинг очилиш маросимида Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари масъуллари, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги, Ёшлар иттифоқи ҳамда қатор ҳамкор вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этди.
Тадбирда саф тортиб турган ўғил-қизларга омад ва муваффақиятлар тилаб, мусобақага расман старт берилди.
Беллашувнинг дастлабки шартида жамоаларнинг сафда юриш ҳамда қўшиқ ижро этиш бўйича тайёргарлиги синовдан ўтказилди. Кейинги босқичда эса махсус ҳарбий либослар, альбом, вимпел ва Калашников автомати макети кўриги ташкил этилди. Унда жамоа сардорлари ўзларининг нотиқлик маҳоратини намоён этиб, тайёргарлик жараёни ҳақида батафсил маълумот берди.
[gallery-29511]
Мусобақа давомида иштирокчилар билимлар синови, АКМ автоматини нотўлиқ қисмларга ажратиш ва йиғиш, қисқа ҳамда узоқ масофага югуриш, турникда тортилиш, шунингдек компьютерлаштирилган тренажёрда ўқ отиш каби шартларда ҳам беллашади.
Камола ЮСУПОВА, ЎзА