Ёш боксчиларимиз жаҳон чемпионатида қатнашмоқда
Бугун, 16 октябрь куни Черногориянинг Будва шаҳрида бокс бўйича U19 ёш тоифасида жаҳон чемпионати жанглари бошланади.
Дунёнинг 69 мамлакатидан 474 нафар ёш чарм қўлқоп усталари қатнашадиган мазкур чемпионатда Ўзбекистон терма жамоасининг йигитлари 10 та, боксчи қизлар эса 8 та вазн тоифасида совринли ўринларга даъвогарлик қилади.

Жаҳон чемпионатининг бугунги саралаш жангларида Ўзбекистон терма жамоасининг 2 нафар аъзоси ўз омадини синаб кўради.

Баҳсларнинг -60 килограммида Севара Маматова янги зеландиялик Брооке Миллер билан, +90 килограммда Ислам Салихов косоволик Луан Раҳмани билан тўқнаш келади.
Эслатиб ўтамиз, жаҳон биринчилигининг саралаш ва 1/4 финал мусобақалари 24 октябрга қадар давом этади. Ярим финал жанглари 25 октябрь ва финал баҳслари 27 октябрь куни бўлиб ўтади.
Т.Рўзиев,
ЎзА