Ёш атлетлар тайёргарлиги — эътибор марказида
Бухорода ёш енгил атлетикачиларни қўллаб-қувватлаш ва уларни 2028 йилги Лос-Анжелес Олимпия ўйинларига тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.
Бухоро вилоятида енгил атлетика билан шуғулланаётган ёшларнинг спорт маҳоратини ошириш, иқтидорли атлетларни қўллаб-қувватлаш ва уларни халқаро мусобақаларга тайёрлаш масалаларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Божхона қўмитаси ва Енгил атлетика федерацияси раиси ўринбосари Отабек Чориев ҳамда вилоят божхона бошқармаси масъуллари Ўзбекистон енгил атлетика федерациясининг Бухоро вилояти бўлими фаолияти билан танишди. Учрашувда ҳудудда спортнинг ушбу турини оммалаштириш, ёшларнинг машғулотлар билан мунтазам шуғулланиши учун мавжуд имкониятлар ва уларни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди дея хабар бермоқда Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси матбуот хизмати.
Маълумотларга кўра, айни пайтда Бухоро вилоятидаги спорт таълими муассасаларида 1 минг 499 нафар ёш енгил атлетика билан шуғулланмоқда. Уларнинг 487 нафари қизлардан иборат. Спортчиларнинг тайёргарлик жараёнига 68 нафар мураббий жалб этилган бўлиб, машғулотлар 159 та гуруҳда ташкил этилган.

Мулоқотда спортчиларнинг мавжуд имкониятларидан самарали фойдаланиш ва юқори натижаларга эришиш учун тайёргарлик тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, 2028 йилда Лос-Анжелес шаҳрида ўтказиладиган ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш, енгил атлетиканинг саккизта йўналиши бўйича сараланган спортчилар билан ишлаш ҳамда уларнинг эҳтиёжларини ўрганиш юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув якунида ёш атлетларнинг таклифлари тингланиб, уларни қўллаб-қувватлаш ва машғулотлар сифатини ошириш бўйича устувор вазифалар муҳокама қилинди. Таъкидланганидек, иқтидорли спортчиларни эрта аниқлаш, улар учун зарур шароитларни яратиш ва халқаро мусобақаларга мақсадли тайёрлаш келгусидаги натижалар учун муҳим аҳамият касб этади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА