Ёш аскарлар билан учрашув
Мамлакатимизда ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни жисмонан соғлом, маънан етук, мустақил фикрлайдиган ва юксак масъулият туйғусига эга инсонлар этиб вояга етказиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири саналади.
Бу борада, айниқса, Қуролли Кучлар сафида хизмат қилаётган ёшларнинг қалбида Ватанга муҳаббат, она юрт тақдири учун дахлдорлик, садоқат ва фидойилик туйғуларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ана шу эзгу мақсадлар йўлида Шимоли-ғарбий ҳарбий округда генерал-майор Ҳамдам Қаршиев ҳамда муддатли ҳарбий хизматга чақирилган ёш аскарлар иштирокида самимий ва мазмунли учрашув ташкил этилди. Генерал ўз сўзида Қуролли кучлар олий бош қўмондони томонидан ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва махсус тузилмалар ходимлари, шунингдек, уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилаётганлигини айтилди.
Учрашув давомида генерал ёш аскарларни ҳаётларидаги муҳим ва шарафли босқич – ҳарбий хизмат сафига қўшилгани билан самимий муборакбод этди.
Таъкидланганидек, ҳарбий хизмат йигитлар учун нафақат интизом, тартиб ва масъулият мактаби, балки матонат, ирода, сабр-бардош, жасорат ва фидойилик фазилатларини камол топтирадиган, инсонни чинакам ватанпарвар этиб тарбиялайдиган улуғ ҳаёт мактабидир.
Тадбирда ёш аскарларга ҳарбий қисм ва хизмат жараёнида яратилган шарт-шароитлар, мавжуд имкониятлар ҳамда улардан самарали фойдаланиш масалалари юзасидан атрофлича маълумот берилди. Жумладан, муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган йигитлар хизмат давомида турли касб-ҳунарларни эгаллаш, ўз билим ва кўникмаларини ошириш, замонавий билимларга эга бўлиш, жисмоний ва маънавий жиҳатдан чиниқиш имкониятига эга экани алоҳида таъкидланди.
Шу билан бирга, учрашув давомида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ёшлар учун олий таълим муассасаларига кириш борасида яратилган имкониятлар, мавжуд имтиёзлар, қабул тартиблари ҳамда давлат томонидан берилаётган имтиёзлар ҳақида батафсил тушунтириш берилди.
Тадбир очиқ ва самимий мулоқот руҳида ўтди. Ёш аскарлар ўзларини қизиқтирган саволлар, таклиф ва мурожаатлари билан фаол иштирок этиб, уларга масъуллар томонидан батафсил жавоб берилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.