Ёнғинда ёнмаган ёвузлик
Ҳаётда шундай ваҳшийликлар учрайдики, улар ҳақида ёзганимизда нафақат қалбимиз, ҳатто қоғоз ҳам титрайди, таъбир жоиз бўлса.
Фарғонада юз берган бири фожиа ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин.
1985 йилда турмуш қилган Муҳаббат билан Арслоннинг оиласи нотинч эди. Уларнинг ўзаро уруш-жанжали тугай демасди. Фарзандлар ҳам эр-хотин муносабатини ўзгартира олмади. Аксинча улар носоғлом муҳитнинг меваси бўлиб улғайишди. Жанжаллардан тўйиб кетган она фарзандлари билан уйдан ҳам кетди.
Наримон икки қиздан кейин дунёга келган ягона ўғил. Икки опасини тоғасининг уйидан узатишганда унинг дили вайрон бўлди. Бундан боши хам бўлган йигит ёлғиз ўзи яшаётган отасининг олдига тез-таз борадиган бўлди. Ота-онасини яраштириш унинг асосий мақсадига айланди. Ниҳоят, 12 йиллик айрилиқдан сўнг оила тикланди. Бир қарашда ҳаммаси рисоладагидек бўлди, аммо...
Ўртада меҳр бўлмаса, қийин экан. Бир уйда эр-хотин эмас, икки аламзада яшаётгандек эди. Наримоннинг бир дарди ўн бўлди. Ота-онанинг орасида қози бўлишдан оғир иш йўқлигига амин бўлиб, қилган ишидан афсуслана бошлади...
Ота эса ўғлидан насиҳат эшитишни истамас, уни ёқтирмай бошлаган эди. Бироқ, у ўғлининг қалбан эзилиши, ҳовлининг орқасига ўтиб унсиз йиғлаб-йиғлаб олишини билмасди ҳам, ҳис этмасди ҳам. Унинг кўзига на фарзанд, на набиралар кўринмасди.
Қалбини ёвузлик эгаллаган Арслон қариндошининг тўйидан кечроқ қайтаркан, ширин уйқуда ётган аҳли оиласи, яъни аёли ва ўғлининг ҳаловатини ҳазм қила олмади. У тўйда спиртли ичимлик ичган, уйга маст ҳолда кириб келган эди.
У ошхонага кириб сув ичиб чанқоғини босгандай бўлди. Аммо бўғзидаги аччиқ аламзадалик босилмади. Қора тун ҳам уни ёвузликка гиж-гижлаётгандек бўлди. Пайпаслаб ошхона пичоғини қўлига олдида, ўғлининг хонаси томон юрди...
Ваҳимали товушлардан чўчиб уйғонган Муҳаббат сапчиб ўрнидан туриб ўзини ўша томон урди. Ўғлининг устига ташланиб пичоқ ўйнатаётган эрининг қўлига ёпишди. Бу ҳолдан баттар қутурган эркак пичоқни аёлнинг тўғри келган ерига санчиб олаверди... Юз бераётган фожиадан қора тун баттар қора тортди...
Инсоннинг қадр-қиммати ўз йўлига, аммо майитнинг хўрланишига на шариат, на тариқат чидайди.
Арслон қилмишини яшириш илинжида аввал ўғли, кейин аёлининг жасадини судраб молхонага олиб борди. Гўнг ташлаш учун мўлжалланган салкам бир метрлик чуқурлик олдига жасадларни ҳеч бир иккиланишсиз бирин-кетин ташлади ва устидан гунг-тупроқ тортди...
Шундан сўнг аввал кийимини алмаштирди. Кейин уйдаги қон изларини ювиб, тозалади.
Тонг ёришиб борар, у қилган ишидан бироз карахт бўлиб ўйга толиб ўтираркан, ичкари уйдан чиққан йиғи товушидан қўрқиб кетди. Ўзини ўнглаб улгурмаган ҳам эдики, 3 яшар набираси остонада йиғлаган кўйи пайдо бўлди. Қизалоқ уйғонганида ёнида бувисининг йўқлигидан қўрқиб кетган эди. Шундай қўрққанди-ки, мурғаккина овози бутун ҳовлини тутарди.
Арслон беихтиёр ўрнидан турди. Судралиб бориб набирасини қучди ва елкалари силкина-силкина унсиз фарёд солди. Гўё шу он у ғафлатдан уйғонди, нималар қилиб қўйганини англаб, типирчилар эди.
Набирасини олиб қизиникига йўл олган Арслон йўл-йўлакай қизига нима дейиш ҳақида ўйлаб борарди. Ахир қизи онасини сўраса, нима дейди?
– Онанг аканг билан Россияга кетибди!
– Ие, н...нега, бундай гап йўқ эдику?
– Эээ, мен билмадим!..
Қизнинг кўнглига совуқ гумон оралади. Беихтиёр, “Аллоҳ асрасин”, деган калом тилидан учди. Уч кун ўтгач бировга ундай, бировга бундай “ахборот” бериб юрган, хавотирда уйига келган қизларининг олдида довдираган Арслон чин маънода ҳаловатини йўқотган эди.
Тўртинчи кунга ўтар кечаси эса гўё ўт кетди қабилида бутун уйига керосин сепиб ёқиб юборди. Ўзи ҳеч нима бўлмагандай кўчага чиқиб кетди. Аммо Арслон ёнғин содир бўлган жой ўрганилиши, сабаблари қидирилиши ҳақида ўйлаб кўрмаган эди.
Тегишли органларнинг мутахассислари ўтказган ўрганишда кўпчиликни гумонга қўйган мудҳиш ҳолат фош бўлди! Чунки чиқинди чуқурида ётган ёвузлик қурбонлари ёнмаган эди!
Умрининг 60 йилини яшаб ўтган Арслон Аминов Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисмининг “а” банди билан йигирма йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Ҳаёт аталмиш неъматдан баҳра олиб яшаш ўрнига, уни жаҳаннамга айлантирган одамнинг қолган умри қора панжалар ортида ўтадиган бўлди.
Ҳар ишнинг ўз хотимаси бор ва унга қараб ё рағбат, ё мукофот, ёинки жазо муқаррар. Ҳар бир ишдан эса тегишли хулосани ҳам олиш мумкинки, бу кишиларни тавба дейишга, оилада тарбияни, муҳитни шакллантиришда ниҳоятда ҳушёр бўлмоқликка ундайди.
Шу маънода жамиятимизни бу каби иллат, жиноят, аламзадалик ва фосиқликдан асраш муддаоси, масъулияти барчамизда бирдек бўлмоғи керак. Зотан, юқоридаги мусибат ҳеч қачон бошқа такрорланмасин.
Акром АРИПОВ,
Олий суд бош консультанти.
ЎзА