Ёнғин хавфсизлигига бағишланган семинар
Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида “Ўта муҳим тоифаланган объектларда фуқаро муҳофазаси ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишларни такомиллаштириш” мавзусида семинар бўлиб ўтди.
Тадбирда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, ёнғин хавфсизлиги хизмати, тиббиёт бўлинмалари ходимлари, сафарбарлик бўйича мутахассислар, шунингдек, завод ишчи-ходимлари иштирок этди.

Дастлаб фуқаро муҳофазаси куч ва воситалари намойиши ташкил этилди. 99265-ҳарбий қисм хизматчилари тактик ва қутқарув операцияларини намойиш қилувчи кўргазмали чиқишларини иштирокчилар эътиборига ҳавола этди.
Йиғилганларга фавқулодда вазиятларни бартараф этишда фойдаланиладиган замонавий ҳарбий техника, ихтисослаштирилган ёнғинга қарши ускуналар, шу жумладан, энг янги ёнғинга қарши воситалар ва қурилмалар, жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун мўлжалланган тиббий асбоб-ускуналар, кимёвий ва газга хавфли ҳудудларда ишлаш учун қутқарув мосламалари ва жиҳозлари намойиш қилинди.

Семинарни завод бош муҳандиси Бахтиёр Мустафоев очиб нефтни қайта ишлаш корхоналарида фуқаро муҳофазаси ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш муҳимлигини алоҳида таъкидлади.
Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бошқармаси бошлиғи, полковник Топил Махамадзияев тоифаланган объектларда хавфсизликни таъминлашга комплекс ёндашув муҳимлигини таъкидлаб, бу борадаги давлат стратегияси ҳақида гапирди.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси масъул ходими Зуҳриддин Қаҳрамонов “Фуқаро муҳофазаси бўйича ишларни мувофиқлаштириш ва хавфларни бошқаришнинг илғор усулларини жорий этишда давлат органларининг роли” мавзусига алоҳида тўхталиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси бўлим бошлиғи Ҳикматилла Юсупов жорий вазият таҳлили ва стратегик объектларда хавфсизлик даражасини оширишга қаратилган чора-тадбирларни тақдим этди.

Фуқаро муҳофазаси соҳасида мутахассислар тайёрлаш ва замонавий таълим технологияларини жорий этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Фуқаро муҳофазаси институти доценти Нодиржон Жумаев ўз тажрибаси билан ўртоқлашди.
Бухоро вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ҳисобот бериш бошқармаси бошлиғи, майор Тимур Нормирзаев фавқулодда вазиятларда тезкор ҳаракат қилиш учун рақамли технологиялар ва автоматлаштирилган мониторинг тизимларидан фойдаланиш имкониятлари ҳақида сўзлаб берди.
Машғулот иштирокчилари фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш алгоритмларини, жумладан, шартли ёнғинни ўчириш, ходимларни эвакуация қилиш, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш ва газ сизиб чиқиши оқибатларини бартараф этиш юзасидан амалга оширилади ишларни намойиш этди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири