Йўлсозлар тиббий кўрикдан ўтди
Андижон вилояти автомобиль йўллари бош бошқармаси касаба уюшмаси ташаббуси билан соҳа ходимлари учун чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилди.
Соҳада фаолият олиб бораётган ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, саломатлигини муҳофаза қилиш, уларнинг иш самарадорлигини ошириш мақсадида ташкил этилган тиббий кўрикда бошқарма ходимлари ҳамда бир гуруҳ ишчи-хизматчиларнинг саломатлиги бепул кўрикдан ўтказилди.
[gallery-17201]
Вилоят тиббиёт муассасасининг малакали шифокорлари томонидан ўтказилган кўрикда ходимлар терапевт, кардиолог, офтальмолог, лор, травматолог, дерматолог, эндокринолог сингари 10 дан ортиқ турдаги ихтисослик бўйича кўрикдан ўтди. Бундан ташқари, йўлсозлар умумий қон, қанд текшируви ҳамда рентген, УЗИ, ЭКГ текширувларидан ҳам ўтказилди.
Кўрик давомида турли касалликлари борлиги аниқланган ходимларга даволаниш ҳамда саломатлигини тиклаш бўйича таклиф, тавсия ва маслаҳатлар берилди.
Шунингдек, кўрик давомида соғлом турмуш тарзига амал қилиш, тўғри овқатланиш, соҳа ходимларининг тиббий билимларини ошириш юзасидан суҳбатлар ўтказилди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари