Йўловчилар ҳаво транспорти ва темир йўл хизматидан розими?
Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда йўловчиларга сифатли хизмат кўрсатиш, ҳаво ва темир йўл хизматлари самарадорлигини ошириш юзасидан муҳим вазифалар белгилаб берилган.
Сурхондарё вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов яқинда ана шу топшириқлар ижросини ўрганиб, йўловчилар темир йўл ва ҳаво транспортида дуч келаётган муаммоларни бартараф этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли вазифаларни юклаган эди. Соҳадаги камчиликларни кўрсатиб, қатъий танқид қилгани ижтимоий тармоқларда турли фикр-мулоҳазаларга сабаб ҳам бўлди.
Вилоят раҳбари ўрганиш чоғида берилган топшириқлар ижроси билан танишиш учун яна Термиз халқаро аэропорти ва темир йўл вокзалида яратилган замонавий шароитлар билан танишди.
Аслида ҳаво транспорти ва темир йўл тармоғи ривожланиб, аҳолига хизмат кўрсатиш кенгайиб бораётгани ҳам мустақиллик шарофати. Соҳада кейинги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаси. Жумладан, сўнгги йилларда Термиз халқаро аэропортидан нафақат, мамлакатимиз пойтахти, балки қатор чет давлатларга ҳам қатновлар йўлга қўйилди. Ўтган асрда сурхондарёликлар Тошкентдан Термиз шаҳрига йўловчи поездларида келиш учун қарийб йигирма соат вақтини ўтказган бўлса, эндиликда ўн тўрт-ўн беш соатда вилоят марказига етиб келмоқда.
Айни пайтда “Тошкент-Термиз”, “Тошкент-Сариосиё”, “Андижон-Термиз” йўловчи поездлари ва “Термиз-Сариосиё”, “Термиз-Дарбанд”, “Термиз-Сурхонобод” шаҳар атрофида қатнайдиган поездлар аҳолининг узоғини яқин, мушкулини осон қилмоқда. Бироқ ёз об-ҳавосининг иссиқ келаётгани йўловчиларда ҳақли эътирозларни ҳам уйғота бошлади. Улар вагонларда совутиш тизимларининг ишламаслиги, айрим вагонларнинг санитария ҳолати, вокзалларнинг кутиш залларидаги шароитлар ва бошқа муаммолардан азият чекаётгани маълум бўлди.
Улуғбек Қосимов бу сафар Термиз темир йўл вокзалида бўлганида ана шу муаммоларнинг бартараф этилиши билан қизиқди. Термиз темир йўл вокзали ва “Термиз-Сариосиё” шаҳар атрофида қатнайдиган йўловчи поездида яратилган шароитларни кўздан кечирди.
Термиз минтақавий темир йўл узели бошлиғи Ғуломжон Мамадалиев бажарилган ишлар ва келгусидаги режалар тақдимоти билан таништирди.

Тақдимотда таъкидландики, бир ҳафтада вокзалнинг кутиш ва VIP зали, она ва бола, дам олиш хоналари ҳамда бошқа қўшимча хоналар таъмирланиб, шароит тубдан яхшиланди. Воҳадаги олтита вокзалнинг барчасида ногиронлиги бор шахслар учун қўшимча қулайликлар яратилди. Хизмат кўрсатиш сифати оширилди. Кассалар чипта харид қилиш учун инфокиоск билан таъминланган. “Тошкент-Термиз”, “Андижон-Термиз” йўловчи поездларига совутгичлар ўрнатилди. “Термиз-Сариосиё” шаҳар атрофида қатнайдиган поездининг икки вагони ҳаво вентилятори билан жиҳозланди. Қолган вагонларни ва бошқа йўналишларда шаҳар атрофида қатнайдиган поездларга ҳам ўн беш кунда ҳаво вентилятори ўрнатиладиган бўлди.
Вилоятдаги шаҳар атрофида қатнайдиган йўловчи поездлари бир йилда ўртача 470 минг аҳолига хизмат кўрсатади. Келгуси йил “Қумқўрғон-Қудуқли” темир йўл бекатлари оралиғида электрлаштириш ишлари якунлангач, Чехиянинг замонавий “Шкода” электрпоезди келтирилиб, “Термиз-Сариосиё” йўналишида аҳолига сифатли, тезкор хизмат кўрсатишни бошлайди. Йўловчиларнинг манзилларига етиб бориши тезлашади. Бир йилда 600 мингдан ортиқ киши замонавий электропоезд хизматидан баҳраманд бўлади. Шунингдек, “ТошкентТермиз” йўналишида тезюрар электрпоезд қатнови йўлга қўйилиб, манзилга хавфсиз етиб олишни уч-тўрт соатга тезлаштиради.
–-Поезд энг хавфсиз, ишончли транспорт воситаси,–дейди Тошкентда яшайдиган меҳнат фахрийси Ойиша Хўжаназарова.–Талабалик йилларимдан поездда юришга одатланганман. У пайтлар Туркманистон орқали узоқ йўл босиб келардик. Энди мамлакатимиз ичкарисида ҳаракатланамиз. Қулай. Бу сафар “Тошкент-Термиз” йўловчи поездига чиққанимда вагондаги тозалик, озадаликни кўриб кўзим қувнади. Чунки, авваллари вагонларда бу шароитлар йўқ эди. Совутиш тизими ишлаб турибди. Салқин. Чойшаблар оппоқ. Қати бузилмаган. Хизматлар текин. Муомилага ҳам гап йўқ. Хурсандчилигимиздан манзилга етиб олганимизни ҳам сезмай қолдик. Истиқлол байрами арафасида юз берган бу ўзгаришдан беҳад мамнун бўлдик. Аҳолига шундай шароитларни яратиб бераётган давлатимизга раҳмат.
Вилоят раҳбари истеъмолчилар “Термиз халқаро аэропорти” масъулияти чекланган жамиятининг чипталар нархига эътироз билдираётганини ҳам айтиб, тегишли раҳбарларга бу ҳолатни ўрганиб, таҳлил қилишни белгилаб берган эди.
–Вилоят ҳокими топшириғига асосан “Термиз халқаро аэропорти” масъулияти чекланган жамиятида кўрсатилаётган хизматларни таҳлил қилдик, – дейди вилоят рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳудудий бошқармаси бошлиғи Файзилло Самадов.–Еттита йўловчи ташиш авиакомпанияси хизмат кўрсатади. Термиз-Тошкент йўналишида нархлар ўрганилганда бир йўловчи учун чипта нархи 400 минг сўмдан бир миллион 96 минг сўмгача экани маълум бўлди. Чипталар “Термиз халқаро аэропорти” масъулияти чекланган жамияти ва хусусий кассалардан ҳамда онлайн харид қилинмоқда. Чипталар нархини авиакомпаниялар мустақил белгилайди. Йўловчилар чиптани парвоз қилишдан қанча олдин харид қилса, шунча арзон нархда олади. Эътирозлар асосан парвозга бир соат қолганда харид қилинган қиммат чипталарга бўлади. Маълумки, ҳозир дунёда ёқилғи-мойлов материаллари нархи кун сайин ўсиб бормоқда. Лекин, авиакомпанияларимиз ҳали ҳам чипта нархларини кўтармасдан ушлаб турибди. Агар нарх оширилса, истеъмолчиларнинг эътирози янада кўпайиши мумкин. Аэропортда аҳолига хизмат кўрсатиш сифатли йўлга қўйилган. Нархлар ҳам ҳамёнбоп. Кутиш заллари, ошхона ва бошқа хизмат нуқталарини кўриб чиқдик. Нарх-наво қиммат эмас.
Мамлакатимизда йўловчи ташиш хизматида амалга оширилаётган бу ишлар ҳам мустақиллик шарофати билан инсон қадрини улуғлашга қаратилаётган эзгу ғояларнинг амалдаги ифодасидир.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири
0