Ёд этингиз камтарин Чустийни ҳам...
Шоир Чустий ғазаллари ғоят дилбарлиги, беғубор ва соф туйғуларга, гўзалликка ошно экани билан қадрлидир. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Чустий хотирасига бағишланган “Ёд этингиз камтарин Чустийни ҳам...” китоби тақдимотида шу ҳақда сўз борди.
Манбаларда келтирилишича, шоир Чустий мумтоз адабиётимиз билан янги давр адабиёти оралиғидаги кўприкни яратган ва арузнавислик санъати анъаналарини ривожлантирган адиблар сирасига киради. Шунга кўра у Ҳабибий, Собир Абдулла, Чархий каби ғазалнавис ва қўшиқчи шоирлар қаторидан муносиб ўрин эгаллайди. Чустий шоирнинг адабий тахаллуси бўлиб, у Наманганнинг Чуст туманида таваллуд топган. Асл исми шарифи Набихон (Набихўжа) Нуриллахўжа ўғли бўлиб, у 1904 йилнинг 20 февраль куни тўқувчи-ҳунарманд оиласида дунёга келган.
Тақдимот маросимида сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш департаменти етакчи мутахассиси Рустам Мирвоҳид, адабиётшунос Султонмурод Олим, Ёзувчилар уюшмасининг Наманган вилояти бўлими раҳбари Зиёвуддин Мансур, шоир ва олим Мухтор Худойқулов мамлакатимизда миллий адабиётимизни равнақ топтириш борасидаги ибратли ишлар хусусида батафсил сўз юритдилар.
[gallery-5594]
Таъкидланганидек, ҳар қандай шоир ижоди ҳақида ёзиш учун, аввало, унинг шахсини, кўнгил руҳиятини англаш керак. Унинг руҳияти сатрлар қаърига яширилган сўз остидаги маъно ва маъно замиридаги моҳиятни илғаш керак бўлади. Ана шу жиҳатни устоз Чустий шеъриятида англаш мумкин. Шоир ўз ҳаёти давомида юз бераётган қатағонлар унинг қалби, руҳига зид шеърлар битишга ҳам мажбур килади. Душманларнинг тазйиқлари қанчалар зўраймасин, у ижодда тиним билмайди, матбуот йўли бекилган бўлса-да, у шеъру ғазаллар, достонлар ёзишдан тўхтамайди. Руҳиятидаги катта ишонч ва умид уни йиқилишга қўймайди. Унга куч берган яна бир жиҳат, бу халқнинг унга бўлган меҳр-муҳаббати, назари эди. Чустий ижодида бу давр бесамар кетмади. У асарлар яратиш баробарида Алишер Навоийнинг “Девони Фоний” китобига кирган ғазалларни, Саъдий, Ҳофиз, Хисрав Деҳлавий, Собир Термизий, Али Сардор Жаъфарий, Мирзода Ишқий, Мирзо Ғолиб асарларини таржима қилди.
Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизмати тақдим этган маълумотга кўра, Чустий 1942 йилдан 1970 йилгача бўлган даврда шеърият мухлисларига “Қўзғол”, “Шамшир”, “Лолазор”, “Ҳаёт завқи”, “Ғазаллар”, “Гул мавсуми”, “Садоқат гуллари” тўпламларини ҳадя этди. Кейинчалик “Ҳаётнома”, “Кўнгил тилаги”, “Кўргунча хайр энди”, “Муҳаббатнома” девонлари нашр этилди. Шунингдек, адиб “Зафарнома”, “Тирик жаннатга кирган кампир”, “Кийикнома”, “Боғи Эрам” сингари достонларини ёзди.
У қўшиқчи шоир сифатида, айниқса, машҳур эди. Шоирнинг ўнлаб кўшиқлари ҳозирги кунда ҳам хонандаларимиз сози ва овозида баралла янграмоқда.
Тақдимот сўнггида йиғилганларга китоб туҳфа этилди.
Н.УСМОНОВА, ЎзА мухбири