Йирик қурилиш лойиҳалари маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан боғланади
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида қурилиш материаллари тармоғида амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.
Йил бошида аҳолини уй-жой билан таъминлаш бўйича катта дастур қабул қилиниб, 2040 йилга қадар қуриладиган уй-жойлар сонини 2 карра ошириб, йилига 280 мингга етказиш, “Янги Ўзбекистон” массивларини 61 тадан 120 тага кўпайтириш режа қилинди.
Йилига 20-25 миллион квадрат метрлик тижорат бинолари фойдаланишга топшириляпти. Мухтасар айтганда, уй-жой ва тижорат биноларининг ўзигина йилига камида 10 миллиард долларлик қурилиш материалларига талаб яратади.
Тошкент халқаро инвестиция форумида ҳамкорларга яна 27 миллиард долларлик инфратузилма лойиҳалари таклиф қилинди.
Масалан, Жиззахда атом электр станцияси, Тошкент вилоятида 4-мис бойитиш фабрикаси, Ўрта Чирчиқда 20 миллион йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга Янги Тошкент аэропорти, Янги Тошкентда 55 минг ўринли футбол стадиони, 282 километрлик Тошкент – Самарқанд йўлини қуриш каби йирик лойиҳаларга ҳам биринчи навбатда қурилиш материаллари зарур.
Умуман, йирик лойиҳаларда фойдаланиладиган материалларга стандарт, сифат ва сертификатлаш бўйича юқори талаблар қўйилиши табиий. Шу боис, йирик лойиҳаларни маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан боғлайдиган янги тизим яратиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
ЎзА