Йилнинг энг яхши мутахассиси аниқланди
Андижонда соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимида рақамли трансформация жараёнларини янада жадаллаштириш, ахборот технологияларини амалиётга кенг жорий этиш, хизматлар сифатини ошириш ва аҳолига қулайлик яратиш ҳамда IT мутахассисларининг билим ва малакаларини ошириш, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Йилнинг энг яхши IT оператори – ҳамшираси” кўрик-танлови бўлиб ўтди.
Танловда туман, шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган 17 нафар мутахассис иштирок этиб, ўзларининг билим, малака ва маҳоратларини намойиш этди.

Иштирокчилар замонавий тиббиёт ахборот тизимларидан фойдаланиш, маълумотлар хавфсизлигини таъминлаш, электрон тиббий ҳужжатлар билан ишлаш ҳамда рақамли хизматларни такомиллаштириш бўйича амалий топшириқларни бажарди.

Шунингдек, ўзларининг инновацион ғоя ва ишланмалари юзасидан тақдимотлар ўтказди. Тиббиёт соҳасида рақамлаштиришни янада ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларини ҳимоя қилди. Айниқса, электрон навбат тизими, телемедицина хизматлари, беморлар маълумотлар базасини оптималлаштириш ва сунъий интеллектдан фойдаланишга оид таклифлар ҳакамлар томонидан юқори баҳоланди.

Танловнинг якуний натижаларига кўра, Избоскан тумани тиббиёт бирлашмаси 28-оилавий поликлиника ҳамшираси Нодирахон Усмонова биринчи ўринга сазовор бўлди.

Иккинчи ўрин Асака туманидаги 8-оилавий поликлиника ҳамшираси Барчиной Матбобоевага, учинчи ўрин эса Булоқбоши тумани “Раиш” оилавий шифокорлик оператори Жавоҳир Эргашевга насиб этди.
Танловнинг ғолиб ва совриндорлари вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири.