“Йил ўқитувчиси” танловининг учинчи босқич синовларига старт берилди
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида “Йил ўқитувчиси” Республика танловининг учинчи босқич синовлари бошланди.
Танловнинг мазкур босқичи доирасида дастлаб иштирокчи-педагоглар ўртасида маънавий-маърифий фаолият (тақдимот) йўналиши бўйича қуръа ташлаш маросими ўтказилмоқда.
Ушбу жараён орқали ҳар бир номзоднинг чиқиш навбати аниқланиб, кейинги синовлар белгиланган тартиб асосида давом эттирилади.
Айни пайтда ҳудудларда синовлар қизғин муҳитда ўтмоқда. Педагоглар ўзларининг касбий маҳорати, ижодий ёндашуви, маънавий-маърифий фаолияти ҳамда замонавий таълим усулларини қўллаш бўйича билим ва кўникмаларини намойиш этмоқда.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, “Йил ўқитувчиси” танлови таълим соҳасида фаолият юритаётган иқтидорли ва ташаббускор педагогларни аниқлаш, уларнинг илғор тажрибаларини оммалаштириш ҳамда ўқитувчилик касбининг нуфузини янада оширишга хизмат қилади.
Ҳозирда республика бўйлаб танловнинг учинчи босқич синовлари давом этмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА