Ёшлар масаласи ҳокимлар эътиборида
Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камолов вилоят телевидениеси орқали ёшларга мурожаат йўллади.
Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камолов вилоят телевидениеси орқали ёшларга мурожаат йўллади.
Унда жорий ўқув йилида вилоятдаги 533 та умумтаълим мактабини битирган 25 минг 612 нафар ўқувчиларнинг 14 минг 919 нафари ёки 58 фоизи, 62 та касб-ҳунар таълими муассасаларини битирган 15 минг 790 нафар ўқувчиларнинг 7 минг 300 нафари ёки 46 фоизи олий таълим муассасаларига ўқишга ҳужжат топшириши кутилаётгани таъкидланди.
Бу йил қабул қамрови кенгайгани натижасида умумтаълим мактаблари битирувчиларининг кўпчилиги коллеж-техникумларга, олий таълим муассасаларига ўқишга киргандан сўнг бўш қолган ёшлар бандлигини таъминлаш зарурлиги қайд этилди.
Шуни инобатга олиб, яқин кунларда ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши қошида ёшлар бандлиги масалалари билан шуғулланувчи марказ иш бошлайди. Бу марказ уч йўналишда ўз фаолиятини олиб боради.
Биринчиси, битирувчилар бандлигини таъминлаш. Бунда умумтаълим мактаблари, коллеж ва академик лицей ўқувчилари ҳамда олий таълим муассасалари битирувчилари бандлигини таъминлаш назарда тутилади.
Иккинчиси, вилоятда ҳозирда мавжуд 11 мингдан ортиқ ишсиз ёшларни иш билан таъминлаш.
Учинчиси, айни пайтга қадар хорижда юрган, пандемия туфайли иш ўрнини йўқотган 23 мингга яқин ёшлар бандлигини таъминлаш.
– Булар баландпарвоз гаплар эмас, – дейди Карим Камолов ўз мурожаатида. – Биз буни амалда жорий этамиз ва унинг натижаларидан албатта хабардор бўлиб борасиз. Ёшлар масаласи ҳар бир туман ҳокимининг эътиборида бўлади.
Айни пайтда катта қурилиш майдонига айланган Бухоро шаҳрининг ўзида 157 та кўп қаватли уй, 866 та савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари бунёд этилмоқда. Мана шу қурилиш жараёнининг ўзида қурилиш-пудрат ташкилотлари қарийб 430 дан зиёд бўш иш ўрнига эга: қай бирига ғишт терувчилар, кимгадир пайвандчилар, яна бошқасига сувоқчилар керак.
82 та қурилиш ташкилоти раҳбарлари ва 180 нафар ишсиз ёшлар ўртасида кечган мулоқот натижасида қарийб 100 нафар ёш йигитлар қурилиш объектларига ишга қабул қилинди.
Жорий йилда Бухоро шаҳрида қурилиши бошланган савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари ишга туширилгач, яна минглаб янги иш ўринлари яратилади. Биргина «Бухоро сити» таркибидаги “Karvon shopping” савдо мажмуасида 3 мингга яқин доимий иш жойи очилади. Уларнинг аксариятида ёшлар иш бошлайди
«Ўзини ўзи банд қилиш» лойиҳаси доирасида жорий йил январь-май ойларида 742 та иш ўрни яратилди. 2020 йил якунига қадар 1 минг 100 та янги иш ўрни яратилиши таъкидланди. Бунинг учун шуғилланиладиган фаолият турлари 24 тадан 67 тага етказилди.
Тадбиркорлик қилишни истовчи 37 нафар ишсиз ёшлар – якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш, кичик корхоналар ва микрофирмаларни давлат рўйхатидан ўтказиш, тадбиркорликка ўқитиш ва кредит олишда суғурта полиси тўлови учун харажатларни қоплаш учун 9 миллион сўм субсидия маблағлари ажратилган.
«Ҳар бир оила – тадбиркор» лойиҳаси доирасида 15 фоизли имтиёзли кредитлар орқали 5 минг 500 та, ҳунармандчилик орқали «Устоз-шогирд» лойиҳаси асосида 2 минг 800 та, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан ажратиладиган кредитлар ҳисобидан 800 та, бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобига 600 та, «Ёшлар – келажагимиз» давлат дастури доирасида 148 та лойиҳани амалга ошириш ҳисобига 567 та янги иш ўринлари яратилади.
Мурожаатда ҳар ҳафтанинг сешанба куни ҳокимликларда фақат Ёшларни иш билан таъминлаш куни, деб эълон қилинганлиги, шу куни шаҳар ва туманлар ҳокимлари маҳаллий телевидение орқали ота-оналар ва ёшлар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиб, уларнинг муаммоларини ўрганиб, ечимлари борасида яхлит механизм ишлаб чиқилиши айтиб ўтилди.