Ёш тадбиркор – юртга мададкор
Наманганда “Ўзбекистонда ёшлар тадбиркорлиги: ҳолати ва истиқболлари” I республика ёш тадбиркорлар бизнес-форумининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Наманганда “Ўзбекистонда ёшлар тадбиркорлиги: ҳолати ва истиқболлари” I республика ёш тадбиркорлар бизнес-форумининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши томонидан Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси ва вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида илк бор ўтказилаётган тадбирда “Ёш тадбиркор – юртга мададкор”, “Менинг бизнес ғоям” танловлари ғолиблари, 18 ёшдан 35 ёшгача бўлган ишбилармон ёшлар, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш арафасида турган касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари иштирок этди.
Президентимиз раҳнамолигида ёшларнинг интилиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, имконият ва салоҳиятини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш, тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
– Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичда давом эттиришга хизмат қилмоқда, – дейди “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Наманган вилояти кенгаши раиси Муҳаммадали Убайдуллаев. – Мазкур ҳужжат ижроси доирасида вилоятда салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, тижорат банклари томонидан 2015 йилда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 12 миллиард сўмдан зиёд имтиёзли кредит маблағлари ажратилиши кўзда тутилган. Шу кунга қадар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишида истиқболли лойиҳаларни тақдим этган кўплаб битирувчи ёшлар ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйди.
Иштирокчиларга тадбиркорлик фаолиятига оид ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар, тижорат банклари томонидан ёшлар тадбиркорлигини молиялаштириш, солиқ сиёсати, яратилаётган имтиёз ва преференциялар, техника-технологиялар, хомашё келтириш ва экспорт-импорт амалиётларини ривожлантириш каби масалалар юзасидан ҳуқуқий тушунча ва тавсиялар берилди.
– Мамлакатимизда биз, ёшларнинг камолотига қаратилаётган улкан эътибор, хусусан, ўз бизнесимизни йўлга қўйиш йўлида кўрсатилаётган ғамхўрликлардан беҳад хурсандмиз, – дейди Наманган шаҳар енгил саноат касб-ҳунар коллежини битирган ёш тадбиркор, “Одил савдо-саноат” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ғулом Холмирзаев. – “Ёш тадбиркор – юртга мададкор” лойиҳасида муваффақиятли иштироким учун “Ўзсаноатқурилишбанк”нинг 35 миллион сўмлик кредитидан фойдаланиш ва йигирма бешта янги иш ўрни яратиш имкониятига эга бўлдим. Айни пайтда корхонамизда тайёрланаётган чўян қозон маҳсулотлари нафақат ички бозорда, балки қўшни давлатларда ҳам харидоргир бўлиб бормоқда.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, ёшлар тадбиркорлигини рағбатлантириш, корхонани рўйхатдан ўтказишда қўшимча афзалликлар, солиқ имтиёзлари ва тижорат банкларидан кредит олиш тартиби, ишлаб чиқарилган товарлар экспорти борасида янги, истиқболли таклифлар билдирган 10 нафар иштирокчи форумнинг мамлакат босқичига йўлланма олди.