Яхшилар ёди
Асака тумани ҳокимлиги, Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси туман бўлими ҳамкорлигида Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан тумандаги 52-умумтаълим мактабида давлат идораларида кўп йиллар самарали меҳнат қилган, туман ижтимоий-иқтисодий ривожига муносиб ҳисса қўшган, фидойи инсон Нўъмонжон Юлдашев хотирасига бағишлаб “Яхшилар ёди” номли тадбир бўлиб ўтди.
Меҳнат фахрийлари, кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар иштирок этган тадбирда “Нуроний” жамғармаси туман бўлими раиси Исроилжон Султонов, ЎзХДП туман кенгаши раиси Мўйдинжон Дадажонов ва бошқалар Нўъмонжон Юлдашевнинг ибратли ҳаёт йўли, амалга оширган ишлари, юксак инсоний фазилатлари ҳақида сўз юритди.



Тадбирда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Илҳомжон Жўраев, Жўрабек Қодиров ва бошқа санъаткорлар ижросидаги Ватан, ҳалоллик, инсонийлик, тинчлик ва меҳр-оқибатни тараннум этувчи куй ва қўшиқлар тадбирга ўзгача файз бағишлади.

Тадбир Асаканинг машҳур “Чўнтак” чойхонасида Қуръон тиловати билан бир пиёла чой устида давом этди.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА мухбири.