Яхши кино эркинлик мевасидир
Тошкент халқаро кинофестивали давом этмоқда. Унда 400 нафарга яқин киноижодкор ва 37 мамлакатдан 60 нафарга яқин таниқли кино юлдуз иштирок этмоқда.
Фестивалга Озарбайжон, Беларусь, Миср, Исроил, АҚШ, Ҳиндистон, Италия, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Полша, Россия, Тожикистон, Туркия сингари давлатлардан машҳур киноижодкорлар ҳам ташриф буюрган. Мезбон сифатида эл ардоғидаги санъаткорлар ҳам фестиваль доирасида ўтказилаётган тадбирларда иштирок этмоқда. ЎзА мухбири уларнинг таассуротлари билан қизиқди.
Никита Михалков («Оскар» мукофоти соҳиби):
– Ҳақиқий истеъдодлар танловларда кашф этилади. Бундай фестиваллар ижодкорларни ҳар жабҳада тоблайди. Айниқса, ёшлар учун соҳани мукаммал эгаллаши учун туртки, десам муболаға эмас. «Ипак йўли дурдонаси» Тошкент халқаро кинофестивали тикланганидан мамнунман. Вақтида бу фестиваль ўз даврининг ноёб ва ўзгача кино байрами эди. Буни киноижодкорлар, мухлислар орзиқиб кутар эди. Ҳозир бу қадриятлар қайта тикланаётгани, ўзбек киносига янги руҳият ва куч бахшида этишига ишонаман.
Аввал халқаро фестивалларда Ўзбекистон муносиб иштирок этарди. Сара ва арзирли фильмлари бор эди. Мен ишонаман, тез орада ўзбек киноси бу нуфузни тиклаб олади. Муҳими, дадил қадамлар ташланди.
Франко Неро (италиялик актёр):

– Кино эркинлик бор жойда ривожланади. Бу соҳани кузатадиган бўлсак, ривожланган давлатлар ҳар томонлама анча ўзиб кетган. Мазкур кинофестиваль ҳам, ўйлайманки, Ўзбекистон учун яхши ва янги марраларни олиб келади. Тошкент халқаро кинофестивалида қатнашаётганимдан хурсандман.
Ўзбекистонга келишдан олдин унинг тарихини ўргандим.Маданияти билан яқиндан танишдим. Ўрнак бўладиган тарихи, мақтаса арзирли маданияти бор экан. Тошкент эса замонавий шаҳар экан. Буни келган кунимдандаёқ сездим.
Демак, Ўзбекистонда бунёдкорлик ишлари жадал ривожланмоқда. Буни пойтахт шаҳар мисолида айтиш мумкин. Киноижодкорларга омад тилайман. Ўйлайманки, фестиваль ўтгандан сўнг ҳам ҳамкорлигимиз давом этади. Биргаликда янги лойиҳаларни амалга оширамиз.
Дилноза Кубаева, «Шуҳрат» медали соҳиби:

– Охирги пайтлар кино соҳаси вакилларига талаб борган сари ортиб бормоқда. Бу эса уларнинг ўз маҳоратлари устида янада кўпроқ ишлаши заруратини пайдо қилмоқда.
Бугунги кинофестиваль ёшларни ҳақиқий ижобий энергияга тўлдириб, соҳага қизиқишларини янада оширишларига туртки бўлади. Ўзбек кино саноати нафақат классик фильмлар билан, балки замонавий фильмлар билан ҳам аста-секин бойимоқда. Лекин тан олиб айтишимиз керак соҳада айрим камчиликлар ҳам йўқ эмас.
Бугунги кунда яхши кинокартиналаримиз камайиб кетган деган гаплар қулоғимизга чалинади, шундай бўлсада, уларнинг сифати ортса ортяптики, асло камаймаяпти. Кинофестивалнинг танлов лойиҳалари орқали сараланаётган ёш кино соҳаси вакилларининг ҳаракати ва меҳнати сабаб кино оламига янги ва сифатли фильмлар кириб келади, деб ўйлайман.
ЎзА мухбири Д. Маматова ёзиб олди.