Яшнобод туманида замонавий боғ барпо этилди
Янги – 2022 йил кириб келишига саноқли кун қолди. Шу қисқа муддатда ҳамюртларимиз Янги йилни мазмунли кутиб олиш мақсадида қизғин тараддуд кўрмоқда. Кимдир байрамона дастурхон тузаш пайида бўлса, яна кимдир яқинларига совға улашишни аллақачон бошлаб юборган.
Янги йил қувончи ташкилотлар фаолиятида ҳам муҳим ўрин эгаллайди. Улар халқимизга хизмат қилиш баробарида, аҳолига совғалар улашиш, кўмак бериш ёки улар корига ярайдиган иншоотларни барпо этишдек ишларга ҳам бош-қош бўлади.

Энергетика вазирининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси – матбуот котиби Элмира Бекмуродованинг маълум қилишича, Янги йил байрами арафасида Президентимиз ташаббуси билан жорий этилган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида Энергетика вазирлиги томонидан Тошкент шаҳрининг Яшнобод тумани «Алимкент» кўчаси ҳудудида замонавий боғ барпо этилиб, фойдаланишга топширилди.

– Замонавий яшил масканнинг умумий майдони 1,5 гектар бўлиб, унинг таркибига электрон кутубхонa, Wi-Fi ҳудудлaри билaн жиҳозлaнгaн кўкaлaмзорлaштирилгaн aллея, воркaут ҳудуди вa aвтотурaргоҳ кирган. Боғ ҳудуди иккита замонавий монитор, 40 та ўриндиқ, мусиқали овоз кучайтиргич воситалари билан жиҳозланган. Аҳамиятли жиҳати, электр энергиясидан оқилона фойдаланиш мақсадида қуёшдан қувватланувчи 80 та ёритиш чироқлари ўрнатилган. Лойиҳа доирасида атроф-муҳит тозалигини асраш, аҳоли учун экологик шинам шароит яратиш мақсадида ҳудудда 5 минг туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди, – деди Элмира Бекмуродова.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА