Яширин иқтисодиётни жиловлашда рақамлаштириш: Самарқанд тажрибаси
Жорий йилнинг биринчи ярми якунларига кўра, Самарқанд вилоятининг ялпи ҳудудий маҳсулоти 67,4 триллион сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 11,4 триллион сўмга ошган. Шу билан бирга, кузатилмайдиган иқтисодиётнинг ЯҲМдаги улуши 37,4 фоиз ёки 25,1 триллион сўмни ташкил этган. Гарчи мазкур кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 8,3 фоизга қисқарган бўлса-да, иқтисодиётдаги яширин айланмаларни камайтириш, даромадларни тўлиқ ҳисобга олиш ва хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини шаффофлаштириш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.
Самарқанд вилоят прокуратураси томонидан яширин иқтисодиётни қисқартириш борасида амалга оширилаётган ишлар, ана шу нуқтаи назардан эътиборли.
– Яширин иқтисодиёт деганда фақат солиқдан қочишни тушуниш бир ёқлама ёндашув бўлади, – дейди Самарқанд вилояти прокуратураси бўлим прокурори Жавоҳир Тўраев. – Унинг таркибида ҳисоботларни атайлаб камайтириш, товар ва хизматлар реализациясини тўлиқ кўрсатмаслик, ишчилар сони ва иш ҳақини яшириш, нақд пул айланмасини расмий ҳисобдан четда қолдириш, лицензия ва рухсатномаларсиз фаолият юритиш каби ҳолатлар ҳам мавжуд. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, норасмий иқтисодиётнинг 68,2 фоизи қишлоқ хўжалиги, 8,1 фоизи саноат, 7,1 фоизи қурилиш ва 15,5 фоизи хизмат кўрсатиш соҳалари ҳиссасига тўғри келади. Бу рақамлар яширин иқтисодиётга қарши курашда барча тармоқларга бир хил ёндашув етарли эмаслигини кўрсатади. Айниқса, қишлоқ хўжалигидаги юқори улуш алоҳида ёндашувни, қурилиш ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги ҳолатлар эса рақамли назорат механизмларини янада кучайтиришни талаб қилади.
Вилоятдаги 142 та қурилиш корхонаси фаолияти таҳлил қилинганда 429,5 миллиард сўм солиқлар яширилгани аниқланди. Бу ишчилар сони ва иш ҳақини камайтириб кўрсатиш, қурилиш майдонини бозор баҳосидан паст нархлаш ва бошқа омиллар билан боғлиқ бўлган. Кўрилган чоралар натижасида 39,7 миллиард сўм ундирилган. Хабарномадаги талабларни бажармаган 61 та корхонанинг 7 тасида аудит, 54 тасида камерал солиқ текшируви ўтказилган. Натижада иккита жиноят иши қўзғатилган.
Яширин иқтисодиётга қарши курашишнинг самарали усули – рақамлаштириш. Вилоятда яширин иқтисодиёт кўлами юқори бўлган 11 та соҳа рақамлаштирилди. Жумладан, 844 та жамоат транспорти, 56 та автотураргоҳ ва 40 та жарима майдончаси фаолияти рақамлаштирилиб, тўловлар нақдсиз шаклга ўтказилган. 40 та бозорда “Рақамли бозор” дастури ўрнатилган. Маҳаллаларга бириктирилган 423 нафар солиқ инспектори “Сайт-термопринтер”, 87 нафари бодикамера билан таъминланган. Бунинг натижасида жорий йилнинг саккиз ойида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан тушумлар бозорларда 5,3 миллиард сўмга, автотураргоҳларда 3,3 миллиард сўмга, жарима майдончаларида 1,5 миллиард сўмга, жамоат транспортида эса 13,8 миллиард сўмга ошди.
Тиббиёт соҳасида 187 та тадбиркорлик субъектида 6,9 миллиард сўмлик солиқдан қочиш ҳолати аниқланиб, тўлиқ ундирилиши таъминланган. Нотариуслар фаолияти таҳлилида 53 та нотариусда ҳосил бўлган 22,8 миллиард сўмлик ортиқча тўловлар қайта ҳисобот тақдим этиш орқали бартараф этилган.
Қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасида жорий этилган “G‘isht sanoq” электрон онлайн платформаси ҳам рақамли назоратнинг самарасини кўрсатмоқда. Дастур Каттақўрғон туманидаги 9 та субъектга ўрнатилиб, солиқ идорасининг вазиятлар марказига интеграция қилинган. Натижада ўтган йил ғишт ишлаб чиқарувчи 9 нафар тадбиркорнинг йиллик товар айланмаси 3 миллиард 590 миллион сўм бўлгани ҳолда жорий йилнинг икки ойида ушбу субъектлар товар айланмаси 2 миллиард 805 миллион сўмга етган.
Самарқанд шаҳридаги 3308 та савдо, умумий овқатланиш ва дорихона субъектларининг 811 тасига “R-keper” дастури ўрнатилиб, солиқ идорасига интеграция қилинмоқда.
Барча йўналишлардаги ишлар тизимли давом эттирилса, вилоятда кузатилмайдиган иқтисодиёт улушини йил якунига қадар 30 фоизгача қисқартириш имконияти мавжуд.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири