Яширин цех фош этилди
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан ўтказилган навбатдаги тезкор тадбир давомида Беруний туманида яшовчи фуқаронинг уйидаги яширин цехда қўлбола усулда алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, фуқароларга сотиб келаётганлиги аниқланди.
Давлат хавфсизлик хизмати Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси, Ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбир давомида ушбу хонадонда жами 486 дона қалбаки акциз марка билан маркаланган тайёр шиша идишлари, 244,2 литр қўлбола усулда тайёрланган алкоголь маҳсулоти, 974 дона қалбаки акциз марка, 75 литр спирт, 1500 дона қопқоқ, 2100 дона қопқоқ ичидаги пластмасса, 100 дона “Нукус винозаводи” ёзувли капсула, 30 дона “Qarataw” ёзувли қоғоз коробка, 30 кг алкоголь маҳсулотларини ўрашда фойдаланиладиган рулон пакет, 225 дона бўш шиша, 1 дона қуритиш учун фен ва воронка ҳамда алкоголь маҳсулотларни тайёрлаш учун қўлланиладиган бошқа буюмлар борлиги маълум бўлди.
Шундан сўнг, тезкор тадбир давом эттирилиб фуқаронинг Беруний туманида жойлашган савдо дўкони кўздан кечирилганида, дўконда яширин “ЯМА” ташкил қилиниб, 10 литрлик баклашкаларда жами 180 литр этил спиртини сақлаб келаётганлиги аниқланди. Ушбу далилий ашё сифатида олинган маҳсулотларнинг дастлабки қиймати 30 миллион сўмни ташкил қилмоқда.
Ушбу ҳолат бўйича ҳозирда Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА