"Яшил" ташаббуслар қўллаб-қувватланди
Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг Сирдарё вилояти кенгашида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 17 октябрь куни касаба уюшмалари фаоллари ва фахрийлари билан учрашувида белгиланган вазифалар ижросига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Унда меҳнат жамоаларида экологик маданиятни юксалтириш, «Касаба уюшмалари боғлари»ни барпо этиш ишлари ҳамда «Экологик фаол касаба уюшмаси жамоаси» кўрик-танловининг вилоят босқичи якунлари сарҳисоб қилинди.
Тадбирда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг Сирдарё вилояти кенгаши раиси Рустам Турсунмурадов, тармоқ касаба уюшмалари вакиллари, бошланғич касаба уюшмалари раислари ҳамда меҳнат жамоалари фаоллари иштирок этишди.
Таъкидланганидек, Президент томонидан касаба уюшмалари олдига қўйилган вазифалар меҳнаткашларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш билан бир қаторда, ҳудудларни кўкаламзорлаштириш, экологик барқарорликни таъминлаш ва аҳоли учун соғлом атроф-муҳит яратишга ҳам қаратилган.
Шу асосда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг Сирдарё вилояти кенгаши томонидан вилоятда «Касаба уюшмалари боғлари» ташкил этилмоқда. Мазкур ташаббус касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги муносабати билан амалга оширилаётган тадбирлар билан уйғун ҳолда меҳнат жамоаларида экологик маданиятни юксалтириш, яшил ҳудудлар майдонини кенгайтириш ҳамда аҳоли учун қулай экологик муҳит яратишга хизмат қилмоқда.
Жумладан, Тошкент кимё-технологиялари институтининг Янгиер филиали ҳудудида 0,5 гектар майдонда замонавий ландшафт талаблари асосида «Касаба уюшмалари боғи» барпо этилди. Бу ерга беш турдаги 150 туп мева ва манзарали дарахт ҳамда тўрт турдаги 600 туп гул кўчати экилди.
[gallery-30230]
Сирдарё туманидаги «SIRDARYO-MEGA-LUKS» масъулияти чекланган жамияти ҳудудида 10 гектар майдонда кенг кўламли кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилиб, эман, дуб, оққайин ва сасна каби дарахтларнинг 18 минг тупи ҳамда 40 минг туп гул кўчати ўтқазилди.
Шунингдек, Ширин шаҳридаги «Сирдарё ИЭС» акциядорлик жамияти ҳудудида 0,8 гектар майдонда «Касаба уюшмалари боғи» ташкил қилиниб, олти турдаги 70 туп манзарали дарахт ва 500 туп гул кўчати экилди.
Тадбирда бугун иқлим ўзгариши, атроф-муҳит муҳофазаси, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва чиқиндиларни камайтириш масалалари долзарб аҳамият касб этаётгани қайд этилди. Шу боис меҳнат жамоаларида энергия тежамкорлиги, чиқиндиларни саралаш, дарахт экиш, «яшил офис» ва «яшил иш жойи» тамойилларини кенг жорий этиш муҳим вазифалардан бири экани таъкидланди.
Шунингдек, тадбирда «Экологик фаол касаба уюшмаси жамоаси» кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолиблари ҳам эълон қилинди. Танлов якунларига кўра Боёвут туманидаги 19-сонли умумтаълим мактаби, Сирдарё вилояти Солиқ бошқармаси, Сайхунобод тумани тиббиёт бирлашмаси, Сирдарё вилояти Экология бошқармаси бошланғич касаба уюшмаси ҳамда Гулистон олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази ғолиб деб топилди.
Тадбир якунида ғолиб жамоалар Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг Сирдарё вилояти кенгаши дипломлари ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат) ЎзА