“Яшил Макон”: Янги боғлар, янги нафас...(+видео)
Яшил ҳудудларни кўпайтириш ва экологик вазиятни яхшилаш – бугунги куннинг энг муҳим масалаларидан бири. Хусусан, қуруқ иқлим ва чўллашиш хавфи юқори бўлган Қорақалпоғистонда бу муаммога алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу мақсадда 2025 йил куз ва баҳор мавсумларида 14 миллиондан ортиқ мевали ва манзарали дарахт кўчатларини экиш режалаштирилган. Экология вазирлиги, Қорақалпоғистон прокуратураси ва Хўжайли давлат ўрмон хўжалиги вакиллари мазкур ташаббусни амалга оширишга жиддий тайёргарлик кўрмоқда.
Айни дамда 543 мингдан ортиқ манзарали дарахт ва бута кўчатларини экиш ишлари олиб борилмоқда. 2025 йилнинг баҳорида эса Хўжайли давлат ўрмон хўжалигида яна 470 минг туп кўчат ўтқазиш режалаштирилган.
Президент ташаббуси билан амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида нафақат кўчатлар экиш, балки уларнинг парваришига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ҳар бир кўчат учун масъул шахслар тайинланган бўлиб, мунтазам суғориш, зараркунандалардан ҳимоя қилиш ва парваришлаш ишларини бажарадилар.
Бу ишларнинг аҳамияти ҳақида Хўжайли давлат ўрмон хўжалиги директори Қуўаныш Камалов шундай дейди:
"Бу йилги акциянинг энг муҳим жиҳати – аҳоли ўртасида экологик онгни юксалтириш ва ҳар бир инсоннинг табиатга бўлган масъулиятини оширишдир. Биз фақат дарахт экиб қўйиш билан чекланмаймиз, балки уларни асраб-авайлашга ҳам эътибор қаратамиз. Шу боис, ҳар бир кўчатга масъуллар бириктирилди. Улар ўз қарамоғидаги ниҳолларни назорат қилиб боради".
<iframe width="791" height="445" src="https://www.youtube.com/embed/YW0742qteiU" title="“Yashil Makon”: Yangi bogʻlar, yangi nafas..." frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Қорақалпоғистонда олиб борилаётган мазкур ишлар нафақат ҳудуднинг экологик ҳолатини яхшилашга, балки маҳаллий иқлимни юмшатиш, тупроқ унумдорлигини ошириш ва ҳаво сифатига ижобий таъсир кўрсатишга хизмат қилади. Шунингдек, кўкаламзорлаштириш жараёни маҳаллий аҳоли учун қўшимча иш ўринларини яратиш, мева етиштириш имкониятларини кенгайтириш орқали иқтисодий фойда ҳам келтиради.
Бир сўз билан айтганда, “Бир кўчат – бир умр ҳаво" тамойили асосида амалга оширилаётган мазкур эзгу ишлар шубҳасиз, мамлакатимиз экологик барқарорлиги йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлади.
М.Эшмирзаева, ЎзА